Tошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 56 туп дарахт ноқонуний равишда кесилганлиги аниқланди.

Ушбу ҳатта-ҳаракат натижасида ўсимлик дунёсига қарийб 289 миллион сўм зарар етказилган.

Ер юзининг 20 фоизини ташкил этадиган яшил ҳудуд ва ўрмонлар тириклик оламини кислород билан таъминлайдиган муҳим манбадир. Дарахтлар табиатнинг ажралмас бўлаги, заминнинг нафас тизими ҳисобланади. Масалан, бир дарахт ўртача бир оиланинг кислородга бўлган эҳтиёжини қоплайди. Демак, битта дарахтни қулатиш бир оилани тоза ҳаводан маҳрум қилишга тенгдир.

Мамлакатимизда шулардан келиб чиқиб, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, дарахт ва буталарнинг кесилишига жорий этилган мораторий талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилишини аниқлаган ёки олдини олган фуқароларни рағбатлантириш тизими жорий этилди. Ноқонуний кесилган ҳар туп дарахт учун 100 туп кўчат экиш ва уларни 3 йил парваришлаш мажбурияти юклатилди.