Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2022 йил 2 февралдаги ПҚ-112-сон қарорида маданият ва санъат соҳасида истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунга кўра, ижросини таъминлаш мақсадида Маданият вазирлиги томонидан томонидан миллий эстрада санъатининг асосчиларидан бири, буюк санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров хотирасига бағишлаб “Ботир Зокиров номидаги замонавий эстрада қўшиқчилари танлови” республика кўрик-танлови эълон қилинди.
Ушбу кўрик-танловнинг туман-шаҳар босқичларида жами 2 000 нафардан зиёд истеъдодли ёшлар иштирок этган бўлса, танловнинг ҳудудий саралаш босқичларида 420 нафар иқтидорли ва ижодкор ёшлар саралаб олинди.
Кўрик-танловнинг якуний саралаш босқичига нуфузли Ҳакамлар-ҳайъати томонидан саралаб олинган 45 нафар энг иқтидорли ёшлар “Туркистон” санъат саройида ўзларининг санъатларини намойиш этди.
Мазкур кўрик-танловнинг Ҳакамлар Ҳайъати томонидан ғолиб деб топилганлар бугун мана шу маросимда тантанали равишда Маданият вазирлиги томонидан тайёрланган диплом, статуетка ва пул мукофотлари билан тақдирланади.