Қишли-қировли кунларда уйимизни том босиб қолмасайди, деб шифтга қараб, юрагимни ҳовучлаб ўтирардим, очиғи, қаттиқ хавотирланардим.

Деворлар нураб кетаётганди, тушкунликдан чиқолмасдик. 5 қизим бор, каттасининг бўйи етиб қолди, ўзи билан бирга орзу-ҳаваслари ҳам ўсяпти. Авваллари дугоналаридек шўх-шодон юролмасди. Шукрки, энди чеҳраси очиқ, яхши кайфиятда ҳовлидаги юмушларни ғайрат-шижоат билан бажараётганини кузатиб, кўнглим тўлади. Сингиллари ҳам ёнида ўйнаб-кулиб юришиб

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Аёллар дафтари” ташкил этилганида биринчилардан бўлиб бизни рўйхатга ёзишди ва тез-тез хабар олиб туришди. Бир куни туманимиз ҳокими маҳалламизни ўргангани кирди. Танг аҳволимизни кўриб, “Бу уй яшашга ярамайди, бошқа қуриб берилади!” деди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, усталар келиб, эскисини бузиб, янгисини тиклаш ишларини бошлаб юборди. Қисқа муддатда кўримсиз бошпанам ўрнида кўркам уй барпо бўлди. Дарвозахонаси, айвони бор, 3 хонали ёруғ ва шинам, шифер билан ёпилган уйга эга бўлишни узоқ кутдик. Болаларим “Ая, тоғамнинг пули қачон келади, қачон янги уй қурамиз?” деб сўраганида лабимни тишлаб, ичимдан йиғлардим. Ҳозиргиси эса қувонч ва шукроналик кўз ёшлари.

Мана, пешонамизга битган экан, файзли бошпана насиб қилди. Жуда хурсандмиз, ҳаётимиздан розимиз! Туманимиз ҳокими, 1-сектор раҳбари янги уйни фойдаланишга топшириш тадбирида ҳам қатнашди. Қолаверса, уй-рўзғор буюмлари, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, ўйинчоқлар, ўқув қуроллари тақдим этишди. Табриклаш учун “уй кўрди”га чиқаётган қўшнилару қариндошлар ҳам атаган совға-саломларини олиб келяпти.

Фурсатдан фойдаланиб, вилоятимиз ва туманимиз мутасаддиларига, бизга кўмаклашган тадбиркорга, хонадонимизга меҳнати сингган бунёдкорларга алоҳида ташаккур. Турмушда ва ишда қийналиб қолган аёллар ва ёшлар учун беминнат ёрдамга ундаётган, рўшнолик улашаётган, жамики эзгуликлар бошида турган, мушкулларимизни енгиллаштираётган Президентимиздан бир умр миннатдормиз, самимий раҳматимиз чексиз, омон бўлсинлар!

Муборак Рамазон ойида икки қўлим дуода. Келажакда фарзандларим ҳам худди шу инсонлардек эл корига ярайдиган, синовли кунларда атрофдагиларга ёрдам қўлини чўзадиганлардан бўлсин, илоҳим. Бу ҳаяжонли кунларни ҳеч қачон эсимдан чиқармайман, дилбандларим ҳам асло унутмайди. Шу уйда тўйлар ўтказиш насиб этсин, фарзандларимнинг бахтини берсин!