Мамлакатимизда ҳимоя ордерини бериш амалиёти 2020 йилда бошланди.
2021 йилнинг 6 ойи давомида 20 387 нафар хотин- қизларга ҳимоя ордери берилган бўлиб, олиб борилган профилактик ишлар натижасида 10 мингдан ортиқ оила яраштирилди, 7 841 оилаларда низолар бартараф этилди.
Маълумот учун айтиш жоизки, ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ҳужжат ҳисобланади. Ҳимоя ордерини расмийлаштириш ваколати профилактика инспекторига берилган.
Аниқланган ёки келиб тушган барча зўравонлик ҳолатлар юзасидан маълумотлар ҳудудий профилактика инспектори томонидан ўрганиб чиқилиб, 24 соат ичида ҳимоя ордери бериш чоралари кўрилади. Ҳимоя ордери 30 кун муддатга берилиб, шу муддат ичида ҳавф бартараф этилмаса, уни узайтириш бўйича мурожаатга асосан, яна 30 кун муддатга берилади.
Ҳимоя ордери берилишдан асосий мақсад қаерда бўлишидан қатъи назар, хотин-қизларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш ва такрорий зўравонлик ёки тазйиқ ҳолатларини олдини олишдан иборатдир.