Ташриф давомида Қирғиз Республикаси етакчиси Венгрия Республикаси Президенти Янош Адер, Бош вазир Виктор Орбан, Венгрия Миллий мажлиси раиси Ласло Кёвер билан учрашган.

Бу учрашувларда Стратегик ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация, турли соҳаларда алоқаларни ривожлантиришга доир ҳужжатлар имзоланган. Кредит линиясини ривожлантириш бўйича Қирғиз-Венгер фонди тузилган. Шунингдек, Венгрия олий таълим муассасаларида Қирғизистон талабаларини ўқитиш учун квоталарни икки баробарга кўпайтириш, “Бишкек – Будапешт” йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновларни амалга оширишга келишиб олинган.

Сооронбай Жээнбеков Венгрия Қирғизистоннинг Европадаги илк стратегик шериги бўлганини таъкидлаган.

Расмий ташриф доирасида Будапештдаги хиёбонлардан бирига таниқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов номини беришга бағишланган маросим ўтказилган.

Бу маросимда Будапешт мэри Гергей Карачонь ва Сооронбай Жээнбеков қатнашиб, хиёбонга кўчат экишган.

Чингиз Айтматов номидаги хиёбонда Сооронбай Жээнбеков Венгрия олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган қирғизистонлик талабалар билан суҳбатлашган.