Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларнинг қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар доираси бугун республикамизнинг барча ҳудудларида ёшлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ишлари фаоли олиб бориляпти.

Бу борада  Сурхондарё  вилоятининг Қумқўрғон туманида ҳам ишлар қизғин паллада. Туманда жорий йил ғалла ҳосилидан бўшаган, “Азиза Асл Жасмина” фермер хўжалиги ихтиёридаги 50 гектар ер майдони “Ёшлар дафтари”га  рўйхатга киритилган, меҳнатга лаёқатли, аниқ  иш жойига эга бўлмаган кам таьминланган 112 нафар ёшга 20 сотихдан ажратиб берилди.

Воҳанинг Шеробод тумани мисолида олиб қарайдиган бўлсак, туманда ёшларнинг бандлигини таьминлаш бўйича илгарироқ 600 гектар ер майдонларига анор кўчатлари экилиб, унинг 483 гектарида боғ яратилган эди. Эндиликда, бу жой ердан унумли фойдаланиш иштиёқида бўлган 273 нафар ёшларга  ажратиб берилди.

Бундан ташқари, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз 100 нафар ёшларнинг ҳар бирига 50 сотихдан жами 50 гектар ер ажратиш орқали уларнинг бандлиги таьминланиб, даромад манбаига эга бўлишига замин яратилди.       

Вилоятнинг Ангор тумани  мисолида хам бу борада арзирли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туманда хеч қаерда ишламайдиган 2086 нафар ёшларнинг бандлигини таьминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун 3,4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. 185 нафар йигит-қизнинг бўш турган томорқалардан фойдаланиб, ўзини ўзи  банд қилиши учун 1 миллиард 37 миллион сўм маблағ эвазига иссиқхоналар қуриб берилди. Ўтган йил давомида туманда ташкил этилган меҳнат ярмаркаси орқали 133 нафар ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлди. 198 нафар ишсиз ёшларга бандликка кўмаклашиш маркази томонидан йўналтирилган 141 миллион 966 минг сўм маблағ асосида стипендия берилиб, уларни 11 турдаги касб-ҳунарга ўқитиш ишлари йўлга қўйилди.

Бандихон туманида ҳам  ишсиз ёшлар қатламини фойдали ишга жалб қилиш, туманнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида лойиҳа қиймати 18.8 миллион  доллар бўлган “Бандихон агро тўқимачилик  кластери” ташкил қилиниб, 600 та  янги  иш ўринлари яратилди.

Вилоятнинг  бошқа туманларида ҳам  жорий йилги ғалла мавсумидан  бўшаган ер майдонларидан ишсиз ёшлар 20 сотихдан 50 сотихгача ер ажратилди. Тадбиркорлик билан  шуғулланмоқчи  бўлган  бошқа  ёшлар ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Улар махаллалар кесимида аниқлаб  олиниб, алохида руйхати  шакллантирилди.  Йигит-қизларнинг бизнес лойиҳалари асосида чорвачилик,  иссиқхона, боғдорчилик, асаларичиликми, дуродгарчилик йўналишларида банкдан  кредит  маблағлари ажратилмоқда. Муаммолари бор ёшлар билан  маҳалла кесимида ишлаб, уларга  амалий ёрдам бериш ишлари йўлга қўйиляпти. Бу каби кўмаклар уларнинг ўз йўлини топиб кетишига хизмат қилади.

Зойир ҚУЛИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Аграсаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекциясининг

Сурхондарё вилоят бошқармаси бўлими бош инспектори