Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “New sight media” студияси ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси билан ҳамкорликда суратга олинган “Она юрт куйчиси” ҳужжатли фильми намойиши соат 18:00 да Адиблар хиёбонида бўлиб ўтади.

Мазкур фильм "Халқ юраги" туркуми остида тайёрланган бўлиб, Наим Каримов сценарийси асосида суратга олинган. Режиссёр Иброҳим Расулов, оператор Аҳмаджон Содиқов, композитор Дониёр Агзамов, рассом Комил Аллаберганов.

Шоир Миртемир “Ҳамид Олимжон туғма ва нодир талант эди. Унинг қонида, ўзлигида, кўз қорачиғида, тўқсон икки томирида туғма бир зукколик, шоирона бир сажия, билгичлик, бурролик, нурбахшлик, ёрқин қалб ва адаб аён”, дея ёзган эди. Тасвирларни кузатар экансиз, бош қаҳрамон характерида мана шундай хислатларни кўрасиз.

Таъкидлаш жоиз, Адиблар хиёбонида бўлиб ўтаётган барча премьералар “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали доирасида бўлиб ўтмоқда.

Икки шеърий драма, 200 га яқин шеър, 4 та баллада, 9 та достон, ўнлаб публицистик ва адабий-танқидий мақолалар яратган ижодкор учун Халқ севгиси, азалий ўзбекона қадриятларга садоқат илҳомбахш қудрат бўлган. Унинг асарлари ҳар қайси даврда ўқувчилар учун энг қиммат дурдона бўлиб қолаверади.

Феруза МУХТОРОВНА