Тошкент вилояти адлия бошқармасига “Obod taʼmir” масъулияти чекланган жамиятдан мурожаат келиб тушди. Унда вилоят ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” ДУК МЧЖси бажарилган ишлар учун 562,7 миллион сўм пулни тўлаб бермаётгани айтилган. Мурожаатни ўрганиш жараёнида чиндан ҳам маблағ тўлаб берилмагани маълум бўлди ва вилоят Адлия бошқармаси томонидан ушбу ҳолат юзасидан Ўртачирчиқ туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди. Суд аризани қаноатлантириб, “Obod taʼmir” МЧЖга бажарган иши учун пул тўлаб берилиши таъминланди.
Бошқармага фуқаро И.Розиқов турар жойи Нурафшон шаҳри ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олингани, аммо орадан қанча вақт ўтса-да, товон пули тўланмай келинаётгани ҳақида мурожаат қилди.
Ҳолат ўрганилганда 334 миллион сўм товон пули тўланмагани маълум бўлди ва бошқарма томонидан фуқаролиқ ишлари бўйича Ўртачирчиқ туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Тез фурсатда суд фуқаро фойдасига 334 миллион сўм товон пули ундирилишини белгилади.
Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Вилоят Адлия бошқармасига жорий йилнинг ўтган олти ойида 4 минг 565 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 4 минг 317 таси, яъни 94 фоизи ҳал этилган – 2 минг 866 таси қаноатлантирилган, 1 минг 451 та мурожаат муаллифига ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Мурожаатларнинг асосий қисмини меҳнат муносабатлари, ижтимоий ҳимоя, уй-жойга бўлган ҳуқуқлар, таълим ва нафақалар олиш кабилар ташкил этган. Бошқарма томонидан аҳоли мурожаатларини кўриб чиқишда, биринчи навбатда, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларга ҳуқуқий ёрдам беришга эътибор берилмоқда. Зеро, инсон учун унинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларидан муҳим қадрият йўқ.
Интеллектуал мулк ҳимояда
Бугунги кунда интеллектуал мулкка оид қонунчилик изчил ислоҳ этилиб, соҳадаги бошқарувни такомиллаштириш, муаллиф ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилишга катта эътибор қаратиляпти.
Президентимизнинг 2021 йил 28 январдаги “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, кичик ва ўрта бизнес субъектлари тадбиркорлик фаолиятини рақобатбардошлик муҳитда юритишида айнан интеллектуал мулк – ихтиро, саноат намунаси, товар белгиси муҳим ўрин тутади.
Жорий йилнинг иккинчи чорагида вилоят ҳудудидаги бозорлар, савдо шохобчалари ва дорихоналарда, шунингдек, туманларда хизмат кўрсатиш белгиларидан фойдаланиш ҳолати бўйича 25 та профилактик кузатув тадбири ўтказилиб, 96 та контрафакт маҳсулот аниқланди. Натижада 21 та тақдимнома ҳамда 6 та маъмурий материал расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун тегишли судларга юборилди. Бундан ташқари, 250 га яқин “Контрафакт маҳсулотлар каталоги”ни вилоят ҳудудида жойлашган бозорлар, йирик савдо мажмуалари ва дўконларга тарқатиш орқали тушунтириш ишлари олиб борилди.
Масалан, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони билан келишган ҳолда бошқарма томонидан “Mars Incorporated” компанияси вакили Ж.Ориповнинг компанияга тегишли “SNICKERS” товар белгисидан “Victoria Tag” масъулияти чекланган жамияти ноқонуний фойдаланиб келаётгани бўйича йўллаган мурожаати ўрганиб чиқилди. Натижада ҳуқуқбузар “Victoria Tag” МЧЖга тақдимнома киритилиб, ушбу товар белгисидан фойдаланиш ҳолати бартараф этилди.
Олти ойда 758 мингдан зиёд давлат хизмтаи кўрсатилди
Вилоятда жорий йилнинг ўтган олти ойида 22 та туман ва шаҳар Давлат хизматлари маркази орқали аҳолига 758 мингдан ортиқ хизмат кўрсатилди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслардан Ягона интерактив давлат хизматлари портали - my.gov.uz орқали 248 минг 474 та ариза келиб тушди. Уларнинг 67 минг 614 таси болаларни мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириш, 44 минг 309 таси кадастр паспорти, 39 минг 380 таси наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида, 14 минг 640 таси пенсия (нафақа) ҳақида маълумотнома олиш, 36 минг 746 таси кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича мурожаатлардир.
Жорий йилнинг 6 ойида 16 минг 924 та тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтган бўлса, унинг 3 минг 666 таси юридик шахслар, 13 минг 258 таси эса юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъекти ҳисобланади. ДХМлар орқали хорижий инвестиция иштирокидаги 26 та қўшма ва хорижий корхона ҳамда хорижий сармоя иштирокидаги 11 та корхона рўйхатдан ўтган.
Олис, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолининг давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондириш мақсадида 6 минг 561 та сайёр давлат хизмати ташкил этилди.
Вилоят Адлия бошқармаси ваколатли ташкилот ва идораларнинг давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятини ўрганганида, айрим ташкилотлар ишида тизимли муаммолар ва қонун бузилишлари аниқланди. Хусусан, жорий йилнинг ўтган олти ойида ваколатли органлар давлат хизматлари кўрсатишда 8 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган. Уларнинг 9 мингга яқинида ишни кўриб чиқиш муддати бузилган бўлса, 175 тасида мурожаатлар асоссиз рад этилган.
Қонунбузилиш ҳолатлари идоралар кесимида таҳлил қилинганда кўринадики, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларида 3 минг 290 та, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ҳудудий тузилмаларида 1 минг 333 та, Давлат кадастрлар палатаси ҳудудий тузилмаларида 1 минг 329 та, соғлиқни сақлаш идораларида 802 та, солиқ органларида 663 та қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилган.
Бошқарма томонидан ваколатли идораларга 214 та огоҳнома, 15 та тақдимнома киритилиб, 40 нафар мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди. 190 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахсларни идентификациялашнинг мобил-ID тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам аҳолига жуда катта қулайлик яратди. Мазкур қарор электрон шаклда фойдаланиш мумкин бўлган давлат хизматлари бўйича аҳолимизнинг идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олади, хизматлардан фойдаланиш учун узундан-узоқ навбат кутиб туришига чек қўяди.
Мобил-ID тизими фойдаланувчиларга электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда кредитлаш соҳасида кўрсатиладиган молиявий хизматлардан ташқари барча давлат хизматларидан фойдаланиш имконини беради.
Барака топишсин!
Бундай қулайлик ва имкониятлар одамларимиз чеҳраларига кўчгандек гўё. Бу хушнудлик кўзлардан кўзларга, сўзлардан сўзларга ўтаётир. Келинг, бу борада фуқаролар фикрларини ҳам бир эшитиб кўрайлик:
— Аҳоли учун ҳозиргидай яратилаётган қулайликни илгари кузатмаганман, — дейди Чирчиқ шаҳри “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нишонбой Қурбонов. — Маҳалламиз шаҳардан 18 чақирим узоқда жойлашган. Олис ва чекка ҳудудда яшовчи фуқароларга енгиллик яратиш, вақтини тежаш мақсадида Давлат хизматлари маркази томонидан тез-тез сайёр хизматлар кўрсатилади. Бир галги учрашувда марказ ходимлари томонидан фуқароларимизга субсидия олиш тартиби, пенсияга чиқиш, мобил-ID, кадастр ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш, болаларни давлат мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш бўйича ҳуқуқий тушунчалар берди. Маҳалламиздаги 7 фуқарога шу ерда давлат хизматлари кўрсатилди.
***
— “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида 16 мингга яқин аҳоли яшайди, — дейди ёш фермер Дилмурод Асқаров. — Туман марказидан 15 чақирим олисда жойлашган маҳалла аҳлининг давлат хизматларидан фойдаланиш учун марказга бориб келиши қийин эди. Маҳалла фуқаролар йиғини биносида аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш мақсадида туман Давлат хизматлари марказининг филиали очилди. Яқинда аукцион орқали ер ютиб олган эдим. Еримни деҳқон хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтказиш учун Давлат хизматлари марказининг Бўстон филиалига мурожаат қилдим. Марказ ходимлари бир зумда давлат рўйхатидан ўтказиб берди. Электрон рақамли имзо калитини ҳам олдим. Фаолиятимни қонуний олиб боришга имконият яратилди.
***
— Ёшим 80 га яқинлашиб қолди, иккинчи гуруҳ ногирониман, — дейди Жуманазар ота Худойбердиев. — Ўзим мустақил юра олмайман. Бекобод тумани Улуғбек қўрғонидаги Илғор маҳалласида яшайман. Яшаб турган уйимизнинг ҳужжатлари анча олдин йўқолганди. Саломатлигим сабабли Давлат хизматлари марказига боролмаётган эдим. Марказ ходимлари ўзлари келиб, шу ерда хизмат кўрсатди. Архивдан сўров асосида уйимизнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун туман ҳокимининг қарорини тиклашга ариза бердим. Тез фурсатда ишим битадиган бўлди. Барака топишсин.
***
Бир қарашда жуда оддий, содда жумлалар. Аммо шу икки сўз замирида бугунги ислоҳотлардан шукроналик туйғуси мужассам. “Инсон қадри учун” эзгу ғоясининг одамлар ҳаётида акс этаётгани, ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этилгани, давлат хизматларидан фойдаланиш учун барча шароит яратилаётганига ишора бор бу сўзларда.
Эркин ДОРИПОВ,
Тошкент вилояти Адлия бошқармаси
масъул ходими