Фурқат туманидаги  “Қолгандарё” массивидаги   “Шерали Ҳамза” фермер хўжалиги  ҳудудидаги дала четидаги ер майдони  ўзлаштирилиб, 3 гектар янги токзор барпо этилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ниҳоллар  ҳосилга киргач,  мавсумда 80 млн. сўмдан ортиқ қўшимча даромад  олиш  имконияти бор.   Бу ерда 2 минг тупдан  ортиқ  сара узум  навлари экилди. Кўчатлар  баравж ривожланиши учун суғориш ариқлари очилиб, сўритоқлар тикланди.

– Йиллар давомида эътибордан четда бўлган қаровсиз ерларни ўзлаштириш борасида бошланган ташаббус янги имконият эшикларини очди, – дейди фермер Санжар Ғаниев. –Хўжалигимизда янги анорзор, узумзор боғлар яратилмоқда. Бу жуда катта имконият. Чунки бугунги меҳнат эртанги даромад манбаи. Ҳосил пишиб етилса, аввало  хўжалигимиз дастурхонига, қолган қисмини бозорга олиб чиқиб  сотиш мумкин бўлади.

Маълумот ўрнида айтганда, Фарғона вилоятида дала четидаги  2643 гектар ерлардан  самарали  фойдалашиш борасида амалий  ишлар олиб борилмоқда.

 Расулжон Камолов,

“Янги Ўзбекистон” мухбири.