Булунғур туман ҳокимлиги ва халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашининг ижтимоий-сиёсий нашри “Булунғур ҳаёти” газетасининг сифатли ва мазмунли чоп этилишини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, газета таҳририятининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уни малакали кадрлар билан таъминлашга эътибор янада кучайтирилмоқда.

1931 йил 5 декабрдан чоп этилиб келинаётган “Булунғур ҳаёти” газетаси шу пайтгача тўлақонли фаолият юритиши учун талаб даражасидаги зарур шароитларга эга эмас эди. Собиқ иттифоқ даврида қурилган бино эскириб, бугунги кун талабига жавоб беролмай қолган эди. Муассис сифатида буни тўғри тушунган Булунғур туман ҳокимлиги ҳамда халқ депутатлари Булунғур туман Кенгаши газета таҳририятининг иш шароитини замон талабига мослаштириш, унинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш мақсадида Булунғур шаҳри, Оқтепа кўчасида “Булунғур ҳаёти” газетаси таҳририяти учун давлат-хусусий шерикчилик асосида умумий қиймати 275 миллион сўмлик янги замонавий бино қурилиб фойдаланишга топширилди.

Бинода муҳаррир ва мухбирлар хонаси, шунингдек 20 ўринли кичик мажлислар зали мавжуд. 100 миллион сўмлик замонавий мебел-жиҳозлар ҳамда интернет тармоғига уланган компьютерлар билан таъминланган.

Таҳририятга ташриф буюрган фуқаролар учун бино фойэсида ўриндиқлар мавжуд бўлиб, улар туман, вилоят ва республика матбуот нашрлари билан танишиб боришлари мумкин. Бинонинг ён томонида эса таҳририят ходимларининг бўш вақтларда ҳордиқ чиқаришлари учун “Дам олиш хиёбони” мавжуд.

Фойдаланишга топшириш маросимида туман ҳокими Баҳодир Баҳрамов газета таҳририяти ходимларини, фахрий ижодкорларни қизғин қутлаб, бу бино туманда ижодий муҳитининг янада гуллаб-яшнашига имкон яратишига ишонч билдирди.