Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати мазкур ҳолат ўрганиб чиқилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, текширув давомида туман ҳудудидаги 37-умумтаълим мактабида директор вазифасини вақтинча бажариб келган Х.Н. томонидан педагог ходимларга уларнинг лавозим мажбуриятларига кирмайдиган вазифа юклатилган.

Яъни мактаб директори Х.Н. имзолаган буйруққа асосан педагоглар расмий дам олиш кунларида ҳам, икки сменада навбатчилик қилишга жалб этилган. Айрим ўқитувчиларнинг айтишича, бунга рози бўлмаганлар қўрқитилган.

Ҳолат юзасидан кўрилган чоралар натижасида, 6 январь куни Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси буйруғи билан 37-мактаб директори вазифасидан озод этилди.