БМТ Бош Aссамблеяси 2011 йилда қабул қилган резолюцияда халқлар, давлатлар, маданиятлар ва инсонлар ўртасидаги дўстлик, тинчликни таъминлаш билан боғлиқ ҳаракатларга илҳомлантириш ҳамда маданий хилма-хилликни ҳурмат қиладиган жамиятлар ўртасида кўприклар ўрнатиш мақсадида 30 июль — Халқаро дўстлик куни сифатида белгиланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган бу йилги Мурожаатномасида жамиятимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишига алоҳида эътибор қаратиб, юртимизда 30 июлни «Халқлар дўстлиги куни» деб белгилашни таклиф этди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишонини таъсис этиш ҳақидаги ташаббуси ҳам қўллаб-қувватланди.

Тарихи бир неча минг йилликларга туташ кўҳна ва боқий Бухоро ҳам қадим шарқ цивилизацияси бешикларидан бири сифатида асрлар давомида миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик маскани бўлиб келган. Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, Бухорода маҳаллий аҳоли билан биргаликда яҳудий, форс-тожик, қозоқ, туркман, араб, юнон ва бошқа миллат вакиллари ҳам тинч-тотув умргузаронлик қилишган.

Аждодларнинг бағрикенглик анъаналарини муносиб давом эттирган ҳолда бугунги кунда ҳам вилоятимизда 40 дан ортиқ миллат вакиллари ҳудуд ижтимоий-иқтисодий, маданий ва маърифий тараққиёти йўлида муносиб хизмат қилишмоқда. Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда 11 та миллий-маданий марказ фаолият юритмоқда. Мазкур марказ аъзоларининг ватанимиз тараққиёти йўлида қилган меҳнатлари муносиб баҳоланиб, Наталя Чапанашвили, Ирина Котова, Алихан Умаров, Байрамгул Маратова, Олим Раҳматов, Жума Шукуров, Светлана Аҳмедова, Нишон Отамуродов сингари вилоятдошларимиз турли йилларда нуфузли давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига вилоятдан сайланган депутатларнинг 2 нафари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларининг 2 нафари ҳамда шаҳар ва туманлар Кенгашлари депутатларининг 6 нафари бошқа миллатга мансуб фуқаролар эканлиги, қонун ижодкорлиги ва маҳаллий бошқарув тизимида ҳам уларнинг ўрни нечоғли залворли эканлигидан далолат бериб турибди.

Президентимизнинг миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш борасидаги ислоҳотлари намунаси сифатида Бухоро шаҳрида «Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Дўстлик уйи» ташкил этилди. 750 млн сўм маблағ эвазига капитал таъмирланиб, жиҳозланган мазкур бинода миллий-маданий марказларимизнинг фаолият юритиши, турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш, ўз она тиллари ва бошқа фан тўгаракларини ташкил этиши учун муносиб шароит яратилган.

Мазкур бинони фойдаланишга топшириш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов, секторлар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этди. Шу муносабат билан бўлиб ўтган байрам тадбирида юртимизда миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашда қўшган ҳиссаси учун миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари фаоллари ва ҳамкор ташкилотлар ходимларидан бир гуруҳи вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари ва қимматбаҳо совғалари билан мукофотланди, деб хабар беради Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.