Тадбирда департамент томонидан илгари сурилган икки томонлама ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари муҳокама этилди.
Онлайн шаклида ўтган мулоқотда мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан туризм таълими йўналишида олиб борилаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидлаш лозимки, Бухоро туризм техникуми билан Франциянинг Руан университети туризм соҳасида ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш ва доимий малакасини оширишга доир келишувга эришган. Унга кўра, талабалар икки йил давомида Бухоро туризм техникумида таълим олиш жараёнида Руан университети профессор-ўқитувчилари томонидан бериладиган ўқув семинарларда иштирок этишади. Ўқишни тугатган иқтидорли талабалардан бир гуруҳи ўқишни Францияда бакалавриат йўналишида грант асосида ўқишни давом эттиради.
Муҳокамаларда шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш механизмлари ва устувор йўналишлари белгилаб олинди. Жумладан, Руан университети тадқиқотчилари ва докторантларининг амалиётларини Бухоро туризм техникумида ўтказишга ва биргаликда тадқиқотлар олиб боришга келишиб олинди. Бундан ташқари, онлайн мулоқот давомида икки томонлама дипломлар бериш дастурларини (Double Degree) ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Видеоконференция сўнгида томонлар яқин кунлар ичида Англашув меморандумини имзолашга ва ҳамкорликнинг амалий қисмига ўтишга тайёр эканликларини билдиришди, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.