Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 28 майдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (6002-сон) ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 октябрдаги «Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган иқтисодий вазиятда туризм соҳаси субъектларини қўллаб-қувватлаш ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисида»ги қарори (602-сон) ижроси доирасида турли грант ва имтиёзлар ажратилмоқда.

Ҳукумат томонидан ҳудудлардаги тематик ошхоналарнинг молиялаштирилиши пандемия даврида ресторан ва умумий овқатланиш тизимини қўллаб-қувватлаш баробарида инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда туризм соҳасини янада ривожлантиришга замин яратади.  

Шу ўринда пандемия даврида соҳадаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир 100 миллион сўм миқдорида грант ажратилганини таъкидлаш лозим. Ҳудудлардаги умумий овқатланиш соҳаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш мақсадида ажратилган грант маблағлари Бухоро ва Наманган шаҳарларида фаолият юритаётган 2 нафар ташаббускор муносиб кўрилди.  

Имтиёзли субсидиялар Бухоро шаҳри марказидаги қадимий қалъа девори ёнида жойлашган, «меню»сида турлича Шарқ ҳамда Европа миллий таомлари ўрин олган «Шам» ресторани ҳамда Наманган вилоятидаги «Рим» кафесига тақдим этилиши кутилмоқда.

Юқорида номлари келтирилган ошхоналарда очиқ майдонда ўрнатилган ўтовлар, миллий услубдаги ёғоч сўрилар бўлиб, меҳмонларга қадимий қалъа ва шаҳарнинг турфа манзараларидан завқ олиш учун барча имкониятлар мавжуд. Бу ерга ташриф буюрадиган меҳмонлар Италия таомлари ҳамда миллий таомлардан тановул қилиб, жонли мусиқа тинглашлари мумкин бўлади.   Тематик туристик масканларнинг бошқалардан фарқли жиҳати ҳам шунда – у ерларга ташриф буюрган кишилар ўзларини муайян бир давр ёки макон муҳитига тушгандек ҳис қилишади.