Агар инсон ўз уйига эга бўлса, ҳаётда катта мақсадлар билан яшайди, оиласида тинчлик, ишида унумдорлик бўлади. Ватанли бўлиш бахти эса инсонга ўзгача руҳият бахш этади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимига сайланган илк паллалардан бошлаб айни кунга қадар одамларни уй-жой билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларни янгилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Шунга кўра, бугун қурилиш ишлари Бухоро вилоятининг барча ҳудудларида ҳам жадал тус олди.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6186-сонлиФармони йиллар давомида умид билан яшаётган минглаб инсонлар қалбига ишонч туйғусини олиб кирди.
Мазкур Фармон билан ипотека кредити бўйича бир қатор имтиёзлар белгиланиб, шаҳарларда дастлабки бадал миқдори
20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Даромади паст, уй-жойга эҳтиёжманд бўлган оилалар учун ўша 15 фоизлик бадал миқдорининг 10 фоизи давлат томонидан субсидия сифатида тўлаб берилиши белгиланди.
Бундан буён ижтимоий реестрга кирган эҳтиёжманд оилаларга уй-жойларни сақлашга мажбурий тўловлар учун субсидия ажратилиши, уй-жойнинг бошланғич бадали учун субсидия тўлаш тартиби соддалаштирилиб муддати қисқартирилиши кўплаб оилалар ҳаётига қувонч, бахт олиб кирди, десак муболаға эмас.
Мазкур Фармон асосида аҳолининг уй-жой ва яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида жорий йилда жами 77 та 2 минг 280 та хонадонли кўп қаватли уйлар қурилмоқда.
Жумладан, жорий йилда 44 та кўп қаватли 1 минг 380 та уй-жойлар (шундан шаҳар жойларида 15 та 7 қаватли 600 та уй-жой ва қишлоқ жойларида 29 та 5 қаватли 780 та уй-жой)ни қуриш ишлари якунланиш арафасида.
Қурилаётган мазкур уйларнинг 1 минг 790 нафар уй-жойга муҳтож фуқароларга берилиши кўзда тутилган. Эътиборлиси, мазкур уй-жойларни харид қилишда давлат бюджетидан ипотека кредити дастлабки бадалининг бир қисмини қоплаш учун 92,0 млрд.сўм субсидиялар ажратилади.
Шу билан бир қаторда, “Қишлоқ қурилиш инвест буюртмачилиги”да туманларда 33 та 5 қаватли 900 та хонадонли уй-жойлар қурилаётган бўлиб, мазкур уйларда ҳам қурилиш ишлари якунига етказилмоқда.
Шунингдек, 2021 йилда ипотека кредитлари ҳисобидан 500 нафар фуқаронинг якка тартибдаги уй-жойларини янгидан ва реконструкция қилиш режалаштирилган эди. Ҳозирги кунга қадар 130 нафар фуқарога 12,3 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилди.
Ҳозир ислоҳотлар шиддат билан амалга оширилаётгани учун ҳаётимизда ҳар куни қандайдир бир муҳим ўзгариш, янгилик бўлаяпти. Буни кўпчилик ўз турмушида ҳам яққол ҳис қилмоқда.