Маълумотларга кўра, муқаддам Жиноят кодексининг 131-моддаси билан судланган, 2007 йилда туғилган фуқаро синглиси ва унинг таниши ўртасидаги муносабатлар ҳақида хабар топган. Бироқ у бу маълумотларни сир сақлаш ўрнига, йигитдан пул ундириш мақсадида фойдаланишга қарор қилган.
Гумонланувчи жабрланувчини синглиси билан бўлган муносабатлар акс этган фото ва видеоларни оила аъзоларига ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан қўрқитган. Шунингдек, тегишли идораларга мурожаат қилиб, уни жавобгарликка тортишини айтган ҳолда босим ўтказган.
Натижада у йигитдан 2000 АҚШ доллари талаб қилган.
2024 йил 2 июнь куни Бухоро шаҳридаги “Buxoro City” мажмуаси ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи талаб қилинган маблағни олаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.