«Жорий йилнинг 1 январидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг реал вақт режимида ишлаши белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда инспекциямизда «Қурилишда сифат назорати» ахборот тизимини реал вақт режимида олиб бориш йўлга қўйилди.
«Шаффоф қурилиш» миллий ахборот хизматининг регламенти ишлаб чиқилди.Тегишли хизматлар, қурилиш – пудрат ташкилотлари билан амалий ўқув семинарлари ўтказилди.
Шу мақсадда зарур ахборот технологиялари, планшетлар харид қилинди. «Газел» русумли автомашинада кўчма қурилиш-синов лабораторияси ташкил этилиб, у зарур қурилиш-ўлчов асбоблари билан таъминланди. Шунингдек, инспекцияда давлат рўйхатидан ўтган қурилиш объектлари тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилди.1093та қурилиш объекти рақамлаштирилди», дейди вилоят Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси бошлиғи Р. Нарзиев.
Натижада нафақат шаҳар ҳамда туманлар маркази, балки вилоятнинг энг чекка ҳудудларида амалга оширилаётган қурилиш ишлари сифатини ҳам ўрганиш, намуналарни жойида синаб кўриш имконияти юзага келди.
«Бу кенг қамровли юмушлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 февралдаги «Қурилиш-монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш ва қурилишни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги ва 2019 йил 20 сентябрдаги «Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Гап шундаки, замонавий тизим қурилишнинг барча босқичида шаффофликни таъминлайди.
Қурилишда коррупция билан боғлиқ инсон омили олди олинади.Шаҳарсозлик фаолияти субъектлари ва қурилиш иштирокчилари ўртасидаги мансабдор шахс билан боғлиқ муносабатларни электрон тарзда тартибга солинади.Биз якун топган 2020 йилда синов тариқасида ишлаб, бу йўналишда муайян тажриба тўпладик», дейди инспекциянинг қурилиш – монтаж ишлари устидан назорат бўлими бошлиғи Жамшид Сулаймонов.
Бир сўз билан айтганда, инспекция янги ахборот платформасини тўлиқ ўзлаштирди.Эндиликда қурилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий электрон ёзма кўрсатмалар тузилиб, тизимга киритилмоқда.Улар тегишлилиги бўйича қурилиш – пудрат ёки лойиҳалаш ташкилотининг муаллифлик назоратини олиб борувчи масъул шахслари телефон рақамларига хабарнома тарзида боради.
Яна бир афзаллик томони шундаки, «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг қуйи бўғинларида фаолият юрита оладиган, шу соҳага қизиққан ишсиз ёшлар хавфсиз ва қулай меҳнат шароитига эга кафолатли иш ўринлари билан таъминланадилар.
Истам Иброҳимов