2019 йилда Хитой Халқ Республикасининг “Liaoning Lide Investment Holding Group Co., Ltd.” компанияси томонидан Ғиждувон туманида қиймати 1,8 миллиард долларга тенг 200 МВт қувватга эга шамол электростанциясининг қурилиши бошланган эди.
Лойиҳани уч босқичда амалга ошириш, биринчи босқичда 200 МВт қувватга эга ГЭС қурилишига 240 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилганди.
Ўтган йилнинг 22 сентябрида Ғиждувон тумани «Барака» МФЙ ҳудудида қиймати 1,8 миллиард АҚШ долларига тенг шамол электрстанциясининг 200 МВт қувватгга эга биринчи навбатини барпо этиш лойиҳаси доирасида улкан иншоотнинг шамол тезлигини ўлчаш бўйича баландлиги 120 метр бўлган 3 та қурилма (мачта) ишга туширилганди.
Бундан ташқари, хорижий корхона томонидан 3-босқичда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг қувватини бир меъёрда сақлаш ва керакли қувватгача оширилишини таъминлаш учун қиймати 40,0 млн.доллардан иборат хорижий инвестициялар ҳисобига газ электр станцияларини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳам таклифлар берилган.
Бугун, 10 сентябрь куни ўтказилган онлайн мулоқотда “Liaoning Lide Investment Holding Group Co., Ltd.” компанияси мутасаддилари компаниянинг келажакда илғор халқаро тажриба ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида йирик инвестиция лойиҳаларини жалб қилиш ва амалга ошириш учун интилишини билдиришди. Бу борада ечимини кутаётган муаммолар ҳам борлиги айтиб ўтилди.
Вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров мазкур лойиҳани амалга оширишда фаол кўмаклашгани учун компания раҳбариятига чуқур миннатдорлик билдирди. Лойиҳа юртимиз, айниқса, Бухоро вилояти иқтисодиёти ривожига катта ижобий таъсир кўрсатиб, энергетика соҳасида янги даврни бошлаб бериши билан аҳамиятли эканлигини таъкидлади. Якунда шамол электростанциясини барпо этишда юзага келаётган мавжуд муаммолар тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда бартараф этилиши маълум қилинди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати