“Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамият таъсисчиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Нурмуҳаммад Очилов ушбу хайрли ишда биринчилардан бўлиб ташаббус кўрсатди.

— Кўриб турибмизки, ҳозир халқимиз жуда оғир кунларни бошидан кечиряпти. Шифокорларнинг айтишича, пандемия даврида ҳар бир беморни даволаш учун кислородга эҳтиёж кескин ортади. Биз шуни иноабатга олиб, Хитойдан 100 дона кислородли концентраторлар олиб келдик. Концентраторларни касалхоналарга бепул берамиз. Истагимиз, инфекцияга чалинган юртдошларимиз тезроқ тузалсин. Оиласи бағрига қайтсин, – дейди Нурмуҳаммад Очилов биз билан суҳбатда.

Маълумот учун, “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамияти ҳомийлигида келтирилган  кислородли концентраторларнинг 25 таси Ғиждувон, 25 таси Олот, 25 таси Жондор туман тиббиёт бирлашмасига, 5 тадан Вобкент ва Шофиркон туман тиббиёт бирлашмаларига, 10 та вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига ҳам 5 таси Когон шаҳар тиббиёт бирлашмасига етказилди.

Шунингдек, бугуннинг ўзида “Мергантекс” пахта-тўқимачилик кластери томонидан ҳам Хитойдан олиб келинган 100 дона кислородли концентраторлар шифо масканларига юборилди. Хусусан, уларнинг 50 таси республика шошилинч ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига, 25 таси Бухоро тумани ва яна 25 таси Қоракўл тумани тиббиёт бирлашмасига тақдим этилди.

— Гап концентраторларнинг нархи, арзон ёки қимматлигида эмас. Кислородли концентраторлардан қандайдир молиявий манфаат ҳам кўзлаганимиз йўқ. Гап уларнинг инсон саломатлигига фойдаси ҳақида. Давлатимиз раҳбари биз, тадбиркорларга шунча имтиёз бериб, қўллаб-қувватлаб турган бир пайтда ҳозирги мураккаб, синовли даврда биз ҳам уларга қўл-қанот бўлишимиз керак, деб ўйлайман. Чунки бизга шунга яраша имконият бор. Албатта, қилинган яхшилик, кўрсатилган саховатни айтиш жоиз эмас. Аммо бу ишимиз бизга ўхшаган бошқа тадбиркорларни ҳам ташаббусга бошласа, қийинчиликларни енгиш янаям осонлашади, -дейди Иброҳим Ҳамроев.

Кластер раҳбари Иброҳим Ҳамроевнинг билдиришича, концентраторларнинг ҳар донаси умумий ҳисобда 450 доллардан тушган. Шахсан унинг ўзи 500 млн сўм ҳисобида хайрия қилган.