Маълумотларга кўра, Бристолда 14, Кингстон-апон-Халлда 20, Блэкпул, Престон ва Блэкбернда 20 дан ортиқ, Ливерпулда 23, Сток-он-Трентда 10, Белфаст ва Лидсда 3 киши ҳибсга олинди.

Буюк Британияда ўта ўнгчиларнинг норозилик намойишлари Саутпортда пичоқ билан уюштирилган ҳужумдан кейин авж ола бошлади. У ерда 29 июль куни ёш йигит болалар учун рақс ва ёга дарси иштирокчиларига пичоқ билан ҳужум қилди. Уч нафар бола ҳалок бўлди, бир қанча болалар ва камида икки нафар катта ёшли одам оғир аҳволда шифохонага етказилди. Полиция 17 ёшли ўсмирни қўлга олди. У уч кишини ўлдириш, яна ўн кишини ўлдиришга уриниш ва пичоқли қурол сақлашда айбланди. Бироқ полиция ҳужумни терроризмга алоқаси йўқлигини айтди.

Шундан сўнг Саутпорт, Лондон ва бошқа шаҳарларда оммавий норозилик намойишлари бошланиб, полиция билан тўқнашувлар ва тартибсизликларга айланди, деб хабар беради ria.ru.

Бунга гумонланувчининг қочқин эканлиги ҳақидаги ёлғон маълумотларнинг тарқатилиши сабаб бўлди. Кейинчалик маълум бўлишича, у руандалик оиладан бўлиб, Уэльсда туғилган.

Полиция тартибсизликларни ўта ўнг қанот ҳаракати – “Англия мудофаа лигаси” тарафдорлари уюштирди, деб ҳисобламоқда.