Ўтган шанба куни Донкастердан Лондонга кетаётган тезюрар поездда содир бўлган қонли воқеадан сўнг, Буюк Британия расмийлари 32 ёшли Энтони Уильямсни кўп марта қотилликка уриниш, тан жароҳати етказиш ва ноқонуний совуқ қурол сақлаш бўйича 12 та пункт бўйича айблов эълон қилди. У пичоқ билан қуролланган ҳолда йўловчилар ва кондукторларга ҳужум қилиб, 11 кишини яралаган.

Гувоҳлар оммавий ахборот воситаларига поезддаги ваҳима ва “ҳамма жой қон бўлгани” ҳақида гапиришди. Дастлабки огоҳлантириш сигналидан саккиз дақиқа ўтгач, поезд Хунтингдон станциясида тўхтади ва у ерда полиция томонидан кутиб олинди.

Дастлаб воқеа жойида икки киши ҳибсга олинган, кейинчалик бири қўйиб юборилган. Энтони Уильямс ҳибсда қолмоқда. The Daily Telegraph газетасининг хабар беришича, Уильямс ҳужум пайтида “Иблис ғалаба қозона олмайди” иборасини айтиб бақирган ва ҳибсга олиш пайтида бетартиб ҳаракат қилган ва кулган.

Расмийлар бу воқеани террористик ҳужум сифатида кўриб чиқмаяпти. Транспорт вазири гумондор, Буюк Британия фуқароси, терроризмга қарши кураш полицияси ёки хавфсизлик хизматларига номаълум эканлигини ва радикализмнинг олдини олиш дастуридан ўтмаганини айтди.

Полиция аниқлик киритишича, Уильямс жума ва шанба кунлари Петерборо ва Лондонда содир бўлган яна учта ҳужумга алоқадорликда гумон қилинмоқда. Ҳодисалардан бирида 14 ёшли бола яраланган.

Англиянинг шарқидаги поездда содир бўлган қирғин Буюк Британия халқини ларзага келтирди. Бош вазир Кир Стармер ва қирол Карл III қурбонларни қўллаб-қувватлашларини билдиришди.

Мамлакат бўйлаб темир йўл станцияларида полиция патруллари кучайтирилди, деб хабар берди ru.euronews.com.