Меҳмон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Британия бозорида тарғиб қилиш соҳасида консалтинг хизматларини кўрсатувчи AKS Service Group фаолияти ҳақида маълумот берди. Хусусан, компания Ўзбекистондан Буюк Британияга гилос экспорт қилиш, шунингдек инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва кузатиб бориш билан шуғулланади. «Биз Ўзбекистон бозоридаги иштирокимизни кенгайтириб, Тошкентда ваколатхона очиш ва турли инвестицион лойиҳаларда иштирок этиш ниятидамиз», – дея таклиф билдирди жаноб Ваис Каис.
Меҳмонларга ташриф учун ташаккур билдирган Шароф Раҳмонов компания раҳбариятининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтириш борасидаги истагини қўллаб-қувватлади.
«Озиқ-овқат маҳсулотларини етказиш – барқарор бизнес: пандемия, инфляция ва бошқа қийинчиликларга қарамай, одамлар доимо егуликка эҳтиёж сезадилар», – дея таъкидлади ҳоким ўринбосари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш, ташиш ва логистика хизматларини кўрсатиш бўйича маҳаллий ҳамкорлар билан шерикликни йўлга қўйиш таклифини билдирди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Ҳамкорлик йўналишларини танлаш учун Шароф Раҳмонов шаҳримизда мавжуд таклиф ҳамда истиқболли вазифалар рўйхатини тақдим этди: эскирган инфратузилмани янгилаш, Cushman & Wakefield компаниясининг тавсияларига кўра, шаҳар муҳитини қайта ташкил этиш, ижтимоий ташаббуслар ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш.
Тарафлар ҳамкорлик йўналишларига ойдинлик киритиш учун алоқани давом эттиришга келишиб олдилар.