Муҳтарам Юртбошимизнинг бу даъваткор сўзлари бугун фарғоналикларни янги-янги марра ва натижалар сари ундамоқда. Ҳар бир фуқаро юрагида шукроналик, баҳорий кайфият билан вилоятнинг ривожланиши, янада кўркам қиёфа касб этишида ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бу ишлар, айниқса, маҳаллаларда, кўча-кўйларда кенг қулоч ёймоқда. Бугун барча жойда катта ҳажмдаги бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларига гувоҳ бўлинмоқда.

Президентимиз жорий йил 4-5 февраль кунлари вилоятимизга ташрифлари давомида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, “маҳаллабай” тизимида ишлаб аҳоли турмуш шароитини яхшилаш вазифалари бўйича аниқ кўрсатмаларни бердилар.

Шунингдек, вилоятнинг янги “ўсиш нуқта”ларини аниқлаш, ҳудудни “маҳаллабай” комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани қайд этилди. Аввало, аҳоли бандлигини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига, камбағалликни қисқартиришга эътибор қаратилиши, бунинг учун ҳар бир маҳалла, ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро ҳаётидаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими жорий этилаётгани алоҳида таъкидланди. Бундан мақсад эса ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришдир.

Жорий йилда Фарғона вилоятидаги 19 та туман ва шаҳарларда биттадан Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилади. “Ёшлар: 1+1” лойиҳаси доирасида 8 мингдан зиёд ишсизлар тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилиши белгиланди.

Бу борадаги ишларни амалга оширишда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳам четда тургани йўқ. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг асосий мақсади фуқаролар, хорижда яшаётган ватандошлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, бизнес ҳамжамияти, академик доиралар вакилларини амалга оширилаётган исолоҳотлар атрофида ихтиёрий асосида бирлаштиришдир.

Фаолиятимиз йўналишларига эса халқ ва бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг саъй-ҳаракатлари ва кучларини сафарбар этиш каби вазифалар киради.

Аҳоли ва ишбилармонлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, жамоатчилик ва бизнес вакилларини ўйлантираётган муаммо, тўсиқлар ва масалаларни аниқлаш. Хусусан, бизнес вакилларининг эҳтиёжлари ва талабларини ўрганиш учун очиқ музокаралар ўтказиш, шунингдек, ҳудудлардаги инвестицион муҳитни янада яхшилаш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида юзага келиши мумкин бўлган тўсиқларни аниқлаш ҳам бизнинг асосий мақсадимиздир. Ҳозирда бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, камбаҳалликни қисқартириш, фуқаролар учун муносиб турмуш тарзини яратишга биз ҳам кўмаклашиб келмоқдамиз. Зеро, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон тараққиётига бефарқ бўлмаган барчани бирлаштиради ва ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишга даъват этади.

Жавоҳирбек ШАМСУДДИНОВ,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси координатори.