Жадид мактаблари тараққиётининг янги даври – замон талабларига тўла жавоб бера оладиган педагоглар гуруҳини тарбиялаб етиштириш, илғор педагогик технологияларни мужассамлаштирган дарсликлар, ўқув қўлланмалар яратиш, янги техник воситалар, кўргазмали қуроллар ишлаб чиқиш ХХ асрнинг 10-йилларидан кўзга ташлана бошлади. Бунинг учун энди ушбу мактабларнинг назарий асосларини яратиш, янги замонавий ўқитиш усулларини ишлаб чиқиш ва улардан янги авлод ўқитувчиларини баҳраманд қилиш керак эди. Мана шундай буюк вазифани адо этиш замонасининг улуғ мутафаккирлари қатори Абдулла Авлоний зиммасига ҳам тушди.

Абдулла Авлоний – шоир, ёзувчи, драматург, публицист. Шу билан бирга, педагогик фаолият ҳам унинг ҳаётида муҳим саҳифани ташкил этади. У фаолиятининг илк босқичидан то умрининг сўнгги дамларигача ўқитувчилик қилди, янги усул мактаблари ташкил этди, педагогика фанининг ҳам назарий, ҳам амалий масалалари билан муттасил шуғулланди, мақолалар битди, дарсликлар яратди, кўргазмали қуроллар ишлаб чиқди. Авлоний мусулмон Шарқи мумтоз педагогикасининг катта билимдони, шу билан бирга, янги давр замонавий ўзбек педагогикаси асосчиси, ўзбек тили ва адабиёти ўқитиш методикаси фанининг тамал тошини қўйган мутафаккирдир. У фаолияти давомида кўплаб замонавий педагогларни, методист олимларни тарбиялаб етиштирди.

 Ўқувчиларни ифодали ўқишга ўргатиш адабий ўқиш дарсларининг асосий вазифаларидан биридир. Кўргазмали восита вазифасини бажарувчи ифодали ўқиш натижасида асар воқеалари, ғояси ўқувчилар кўзи олдида намоён бўлади. Абдулла Авлоний савод чиқаришга қанчалик катта эътибор берган бўлса, асарни тушуниб ва ифодали ўқишга, бадиий асарни ҳис қилишга шунчалик кўп диққат қилади. Ифодали ўқишнинг бир неча турини ишлаб чиқди. Ўқувчиларнинг хор бўлиб ўқишини дирижёр каби (Авлоний дирижёрлик санъатидан хабардор эди) бошқариб борган. Ҳур фикрлар билан маърифат майдонига чиққан мутафаккир дарсларида ифодали ўқишнинг ибтидоий шакллари билангина чекланиб қолмади, техник воситалардан фойдаланиб, унинг янги шаклларини ишлаб чиқди.

 1909-1910 йилларда Рига шаҳридаги “Граммофон” ширкати вакллари Ўрта Осиё шаҳарларига келиб, ўзбек, қозоқ, тожик, туркман халқлари орасидаги машҳур ҳофизларнинг куй ва қўшиқларини, достонларини, халқ мақомларини ёзиб оладилар. Абдулла Авлоний ўқитишда биринчилардан бўлиб техник воситалардан фойдаланди. У “Мактабга тарғиб” шеърини бастакор сифатида алоҳида диққат билан куйга солди ва ўқувчиларни хор бўлиб ўқишга ўргатди. У асарни тимсолларга бўлиб ўқитишга ҳам алоҳида эътибор берди. Сўнгра 1911 йилда болалар хорини граммпластинкага ёздирди. Унда шеърнинг мактабни улуғловчи, таъриф-тавсиф этувчи 4 мисраси овози баланд икки-уч ўқувчи томонидан ўқилади:

Оқил қошида, миллат бошида

Нурлар сочуб, яшнаб турган мактаб эмасми?!

Илму ҳунарлар, гуллар, чаманлар

Ёшлар учун очуб турган мактаб эмасми?!

Кўп болалар мусиқа садолари остида хор бўлиб ўқийдилар:

Ўқусун ёшларимиз, бидъатни ташлармиз,

Кетсун ғафлат! Келсун ҳиммат! Яшасун миллат!

Шу тарзда шеърнинг бошқа бандлари ҳам куйга солиб ўқилади. Эътиборли жиҳати шундаки, хор ижросидаги “Мактабга тарғиб” ёзилган ноёб пластинка Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зокиржон Султонов фонотекасида сақланади.

Абдулла Авлоний биринчи ўзбек театри ташкилотчиларидан эди. Театр учун бир неча драмалар яратди, уларни режиссёр сифатида саҳналаштирди, ҳатто баъзи тимсолларни санъаткор артист каби маҳорат билан ўзи ижро этди. Унинг бу фаолияти ўз мактабида ифодали ўқиш, мусиқа ва ашула дарсларини ташкил қилишда муҳим аҳамият касб этди. Бадиий асарларни ифодали ўқиш соҳасидаги бундай фаолият тезда Тошкентнинг усули қадим ва усули жадид мактабларига ҳам кириб борди.

Мана шундай шароитда янги очилаётган мактаблар учун замон талабларига жавоб бера оладиган ўқитувчиларни тарбиялаб етиштириш, мактаблар учун миллий руҳ уфуриб турган дарслик ва мажмуалар яратиш бўйича дастуруламал бўладиган қўлланма керак эди. Шунинг учун ХХ асрнинг 30-йилигача фаолият кўрсатган улуғ сиёсий арбоб, Туркистон жадидчилари раҳнамоси Мунавварқори Абдурашидхонов (1878-1931) ҳамда илғор педагоглар таклифи билан Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асари яратилди.

Муаллифнинг ўзи: “Мен бу асари ночизонамни биринчи мактабларимизнинг юқори синфларида таълим бермак ила баробар улуғ адабиёт муҳиблари, ахлоқ ҳаваскорларининг анзори олийлариға тақдим қилдим”, дея таъкидлаганидек, асар 1910-йиллардан халқ ўртасида анча катта шуҳрат қозона бошлаган усули жадид мактабларининг юқори синфлари ўқувчилари, шу билан бирга, рушдия мактаблари учун дарслик сифатида яратилган эди. Аммо у дарсликдан кўра педагогика фанининг ҳам назарий, ҳам амалий масалаларини ёритувчи асар сифатида намоён бўлди. Мутафаккир асарини жадид мактабларининг юқори синф ўқувчиларига дарслик сифатида яратган экан, уларни битириб чиқувчи ва ўзлари ҳам усули жадид мактабларида ўқитувчи бўлиб ишлашга ҳозирлик кўраётган ёш ўқитувчиларни тайёрлаш, педагогика фанининг ўзига хос нозик жиҳатлари билан ошно қилишни кўзда тутган. Чунки ХХ аср бошларида ҳам ўқитувчилар тайёрлайдиган бирорта на олий ва на ўрта махсус билим юрти бор эди. Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон тўра Ибрат, Сиддиқий-Ажзий, Абдуқодир Шакурий мактабларини битириб чиққан ва ўқитувчиликка муҳаббат қўйган кўп ёшлар кетма-кет очилаётган жадид мактабларида ўқитувчи бўлиб ишлаганлар. Улар мана шундай услубий қўлланмага дастуруламал сифатида ҳаддан ташқари муҳтож эди, шунингдек, унга эҳтиёж ота-оналар ўртасида ҳам жуда катта эди.

Тўғри, Абдулла Авлоний асарида ахлоқий категориялар ҳақида фикр юритар экан, биринчи ўринда ўқувчиларни кўзда тутади, аммо уларни болалар тарбиясига сингдириш вазифасини муаллимлар зиммасига юклайди. Демак, асар ўқувчилардан кўра кўпроқ муаллимлар учун яратилган, дейиш мумкин. Шу нуқтаи назардан, унинг муаллимларга қарата айтган қуйидаги сўзлари “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асари мақсадини тўла ифодалайди: “Фикр тарбияси энг керакли, кўб замонлардан бери тақдир қилиниб келган, муаллимларнинг диққатига суялган, виждонларига юкланган муқаддас бир вазифадур. Фикр инсоннинг шарофатлик, ғайратлик бўлишига сабаб бўладур. Бу тарбия муаллимларнинг ёрдамига сўнг даража муҳтождурки, фикрнинг қуввати, зийнати, кенглиги муаллимнинг тарбиясига боғлидур. Таълим ила тарбия орасида бир оз фарқ бор бўлса ҳам иккиси биридан айрилмайдурган, бирининг вужуди бирига бойланган жон ила тан кабидур”.

Бу сўзлар ўқувчиларга эмас, катталарга, айниқса, бўлғуси ўқитувчиларга – рушдия мактаблари талабаларига қаратилганини англаш қийин эмас. Чунки улар келгусида буларни болалар – ўқувчилар онгига сингдириши керак. Баркамол инсонни вояга етказиш, уларни яхшиликка чорлаш, ёмонликдан қайтариш тарбия орқали амалга оширилади. Авлонийнинг педагогика ҳақидаги таърифи ҳозирги замон таърифига анча мос келади: “Тарбия – “Педагогия”, яъни бола тарбиясининг фани демакдур”.

Фарзанд тарбияси шахсий масала эмас, у жамият, давлат аҳамиятига эга буюк ижтимоий ишдир. Халқ билиши керак: у шу даражада буюк ишки, Ватан истиқболи ҳам, миллат тақдири ҳам тарбия билан боғлиқ. Абдулла Авлоний сўзлари билан айтганда, “Ал-ҳосил, тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллаллоҳу алайҳи вассаллам афандимиз: “Инсонларнинг карами динидадур, муруввати ақлиндадур, ҳасби ахлоқиндадур”, демишлар”.

Абдулла Авлоний инсон тарбиясини бир-бири билан узвий боғлиқ уч йўналишга бўлади: бадан тарбияси, фикр тарбияси ва ахлоқ тарбияси. Инсон учун, аввало, бадан саломат бўлмоғи зарур, бадан соғ бўлгандагина инсон учун зарур бошқа амалларни сингдириш мумкин. Бунинг учун инсон баданини ичкилик, кўкнор, наша, тамаки каби бевақт залолатга, тубанликка элтувчи, саломатликка зарар, “баъзиси ҳаром, баъзиси макруҳ” нарсалардан асраши керак. Бу эса фикр тарбияси учун замин яратади. Фикр тарбияси фарзандни комил инсон даражасига кўтаришда муҳим омилдир. Бу вазифани амалга оширишда асосий масъулият ўқитувчи зиммасига тушади. Чунки муаллим дарс жараёнида ўқувчиларни фикрлашга, ҳар қандай воқеа-ҳодисанинг моҳиятини чуқур идрок қилишга ўргатади. Бу ўринда Абдулла Авлоний таълим ва тарбия бирлигига алоҳида аҳамият беради. Инсон ақлий фаолиятининг ифодаси бўлмиш фикр тарбияси орқалигина катта шарафга, баркамолликка эришади. Бу ўринда ўқитувчи фикрлаш доирасининг кенглиги, билим савиясининг ҳар жиҳатдан юксаклиги ўқувчилар тарбиясида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Фикрлаш қобилиятини ривожлантириш ақл билан иш тутишга олиб келади: ўқувчиларни яхши ва ёмон хулқни фарқлашга, комил инсон учун зарур яхши хулқни эгаллашга, инсонни залолатга етакловчи ёмон хулқдан узоқ бўлишга ўргатади.

Абдулла Авлоний асарнинг “Яхши хулқлар” бобида фатонат, диёнат, исломият, назофат, ғайрат, риёзат, қаноат, шижоат, илм, сабр, интизом, миқёси нафс, виждон, ватанни севмоқ, ҳаққоният, иффат, ҳаё, идрок ва зако, ҳифзи лисон, иқтисод, виқор, ҳақшунослик, хайрихоҳлик, мунислик, садоқат, муҳаббат, афв каби инсоний фазилатлар ҳақида атрофлича фикр юритади, ўз қарашларини далиллаш учун Қуръони карим оятларидан, Ҳадиси шариф даъватларидан, Афлотун, Арасту, Суқрот, Ибн Сино, Мавлоно Румий, Шайх Саъдий, Алишер Навоий, Мирзо Бедил каби улуғ мутафаккирлар фикрларидан намуналар келтиради.

Жадидчилик ҳаракати намояндалари Ғарбий Европа маърифатпарварлари каби илм-маърифатни, замонавий тараққиётни байроқ қилиб кўтардилар, тараққиётга тўғаноқ бўлаётган, Қуръони карим сура ва оятларини, Ҳадиси шариф даъватларини ўз манфаатлари йўлида бузиб талқин қилувчи мутаассиб уламоларга, жоҳил қадимчиларга қарши кескин кураш олиб бордилар. Унутмаслик керакки, ўзбек жадид маърифатпарварларини европалик ғоядошларидан ажратиб турадиган туб моҳият шундаки, уларнинг фаолияти заминида Ватанни, миллатни мустамлакачилар зулмидан озод этиш, истиқлол ва мустақиллик орзуси ётар эди. Шунинг учун жадид мутафаккирлари фаолияти оқ ва қизил мустамлакачиларга бирдай маъқул эмас эди. Улар бир умр таъқиб ва тазйиқ остида яшашга ҳамда фаолият кўрсатишга мажбур эдилар. Охир-оқибат улар шўролар ҳукуматининг узоқ ва мунтазам давом этган қатағонлари қурбони бўлдилар.

Абдулла Авлоний педагогик қарашларида ақл ва илмнинг юксак даражада улуғланиши бевосита инсонни улуғлаш билан узвий боғланади. Чунки Аллоҳ инсонни барча мавжудотлардан, махлуқотлардан маънан улуғ қилиб яратди. Унга икки дунё саодати (саодати дорайн)га эришишдек буюк мақсад учун ақл берди. Инсон шу ақл ёрдамида илм-маърифатни, тараққиётни эгаллайди, дунёни бошқаради. Мана, мутафаккирнинг ақлга берган таърифи: “Ақл инсонларнинг пири комили, муршиди ягонасидур. Жаноби Ҳақ инсонни ҳайвондан сўз ва ақл ила айирмишдур. Расули акрам набиййи муҳтарам саллоллоҳу алайҳи вассаллам афандимиз: “Эй инсонлар! Ақлингизга тавозеъ қилингиз. Сиз жаноби Ҳақ буюрган ва қайтарган нарсаларни ақлингиз ила билурсиз”, демишлар”.

А.Авлоний инсон саломатлиги тўғрисида фикр юритар экан, унинг асосий омилларидан бири – тозалик ҳақида алоҳида боб ажратади. “Назофат” деб номланувчи бобда одамни халқ ўртасида, ҳатто Аллоҳ қошида севимли қиладиган восита покизалик, назофатдир, дейилади. Инсон нафақат ўз баданини, кийим-кечагини, шу билан бирга, яшаб турган жойини, муҳитини, шаҳрини, Ватанини покиза сақлаши керак. Атроф-муҳитнинг нопоклиги турли-туман касалликлар пайдо бўлишига олиб келади. Ифлослик, нопоклик балосидан поклик, назофат давоси билан қутулиш кераклиги алоҳида таъкидланади.

Жоҳиллик, ғофиллик, танбаллик – илмсизликдан. Илм – инсоният бахт-саодати, истиқболи йўлини ёритиб турувчи машъал. Илм билан инсон мартабаси юксалади, номи-нишони улуғланади, ўзи иззат-ҳурматга сазовор бўлади. “Туркий гулистон...” асарида ушбу масалага “Илм” ва “Ақсоми илм” боблари ажратилган. Ақл илму тажриба билан камол топади. Авлоний фикрича, илм ҳар ишда бизга раҳнамо, икки дунё саодатига ноил этувчи улуғ неъматдир. Илмсиз киши мевасиз дарахт кабидир. Унинг энг яқинларигагина эмас, ҳатто ўзига ҳам фойдаси тегмас. Асар муаллифи илмни икки қисмга: илми диний ва илми фаннийга ажратади. Аммо у бу илмлар ўртасига тўсиқ қўймайди, аксинча, диний киши бўлиш учун ҳам ҳисоб, ҳандаса, тарих, ҳикмат, тиб, кимё, зироат каби фанний илмларни ўрганиш зарурлиги таъкидланади. Муаллиф фикрича, ҳар бир миллатнинг тараққий ва таолийси ёшларнинг илм ва маърифатига, ҳунар ва санъатига боғлиқдир. Аммо бизда-чи: “Ажабо, Қуръонимиз, Пайғамбаримиз ўқингиз, деб амр қилғони ҳолда, бизлар на учун ҳаракат қилмаймиз, бошқа миллатларнинг ўғуллари, қизлари кеча демай, кундуз демай, ёз демай, қиш демай илм йўлида жонларини фидо қилуб, қовушуб, югурушуб, кўзларимизни қамашдуруб турган бир замонда бизлар ҳамон уйқудан, ғафлатдан, жаҳолатдан бошимизни кўтармаймиз, ибрат олмаймиз. Пайғамбаримиз: “Олим бўл, илм талаб қилувчи бўл ёки илмни эшитувчи бўл, ҳеч бўлмаса, шуларга муҳаббат қилувчи бўл...”, демадиларму?”

Бундан ҳам каттароқ тўсиқ мустамлакачи маъмурлар бўлиб, ўлкада ҳар қандай янгиликка, айниқса, маориф соҳасидаги ўзгаришларга, жадид мактабларининг халқ маънавиятига кириб боришига тиш-тирноқлари билан қаршилик кўрсатар, уларга қарши курашда мутаассиб уламолардан устомонлик билан фойдаланар эдилар. Замонавий касб-ҳунар мактаблари, олий ўқув юртлари очиш, миллатни илм-маърифат нуридан баҳраманд қилишни губернаторлик маъмурлари хаёлларига ҳам келтирмасдилар.

А.Авлоний сабр, ҳилм, миқёси нафс, интизом, виждон каби инсоний фазилатлар ҳақида чуқур маъноли фикрлар баён қилади. Аммо Ватан ҳақидаги қарашлари янада муҳимроқ, янада эътиборлироқ. Ватан – она каби ягона, она каби муқаддас. Бу мавзу неча-неча асрлар давомида адабиёт ва санъат аҳллари эътиборини ўзига мафтун этиб келган.

ХIХ асрнинг охирларида рус-тузем мактабларида ўқийдиган маҳаллий миллат болалари учун С.Граменицийнинг уч китобдан иборат “Книга для чтения” асари дарслик сифатида нашрдан чиқарилди. Н.Ильминский қарашлари заминида яратилган ушбу дарсликда Русияни, рус халқини улуғловчи, кўкларга кўтариб мақтовчи, Русияни буюк ватан сифатида таъриф-тавсиф этувчи ўнлаб назмий ва насрий матн, расмлар берилган эди. Бу тасодифий ҳол эмас, аксинча, узоқни кўзлаб амалга оширилган тадбир эди. Дарсликнинг шовинистик мақсадини, айниқса, жадид педагогларимиз тушуниб етган ва миллат фарзандларини ватанпарварлик, миллатпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратган эдилар. Бу ҳол улар яратган ҳар бир дарсликда, ҳар бир илмий ва бадиий асарларда яққол кўзга ташланади. “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида “Ватанни суймак” деган боб бор. Унда ёш қалбларни ўз она Ватани Туркистонга нисбатан муҳаббат туйғуларини мавжга келтирувчи насрий ва назмий мисралар мавжуд.

Ушбу асар ёзилган даврни – Ватанимиз мустамлака исканжасида фожеий аҳволга тушган, келгиндилар оёғи остида топталган даврни тўла ҳис қилиб, “Ватанни суймак” боби ўқилса, Ватан истиқлоли, озодлиги учун инсон ҳатто жонини ҳам фидо қилиши керак, деган буюк ғоя асар қатларига сингдириб юборилганини сезиши қийин эмас. Ватан тупроғи муқаддас: унда аждодларимиз хоки, келажак наслларимиз ҳақи бор. Шунинг учун Ватанни оддийгина севиш мумкин эмас, унинг истиқболи учун куюниш, курашиш, келгуси авлодларга тўла-тўкис, озод, фаровон ҳолда топшириш ҳисси ҳам мавжуд. А.Авлоний она Ватанга мана шундай ёниқ қалб билан муносабатда бўлади. У келгусида яратилажак дарслик ва мажмуаларда миллатпарварлик, ватанпарварлик руҳи барқ уриб турган бадиий матнларни кўпроқ бериш кераклигини назарда тутгани шубҳасиз. “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарининг буюк аҳамияти ҳам шунда.

Асарда бир кичик боб “Ҳифзи лисон” (“Тил муҳофазаси”) деб номланади. Ҳамма вақт, ҳамма ижтимоий-сиёсий формацияда миллатнинг мавжудлигини, эътиборини белгиловчи кўзгу унинг тили ва адабиётидир. Ҳар бир инсон, биринчи навбатда, она тилини мукаммал билиши, тилининг равнақи, софлиги учун курашиши, жон куйдириши керак! Асар муаллифи ўринсиз ўзга тил сўзларини қўшиб, “мошкичири” каби аралаш-қуралаш ишлатишга кескин қарши чиқади ва буни маданиятсизликнинг яққол кўриниши деб билади: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадургон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур. Ҳайҳот! Биз туркистонликлар миллий тилни сақламак бир тарафда турсин, кундан кун унутмак ва йўқотмакдадурмиз. Тилимизнинг ярми арабий, форсий ўлгани камлик қилиб, бир четига рус тилини ҳам ёпишдурмакдамиз... Зиғир ёғи солиб, мошкичири қилиб аралаш-қуралаш қилмак тилнинг руҳини бузадур”.

Ўқувчиларнинг оғзаки ва ёзма нутқини ўстириш ҳамма вақт таълим-тарбия тизимининг бирламчи ва асосий вазифаси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Абдулла Авлоний методист олим сифатида мазкур асарида ўқувчиларнинг оғзаки нутқини ўстириш масаласига, воизлик (нотиқлик) санъатини эгаллашига алоҳида эътибор қаратади. Муаллиф фикрича, ҳар бир ўқувчи она тилида ўз фикрини аниқ, таъсирчан, шу билан бирга, чиройли баён қилиш қобилиятига эга бўлиши, сўзнинг чиройли тобланишларини ҳис қилиши керак. Бунинг учун эса ўқувчи она тилининг нозик, гўзал, халқона ифодаларини, матал, мақол, иборалар нафосатини пухта эгаллаган бўлиши шарт. Бу сўзлар тўғридан-тўғри ёзма нутқ ўстириш масаласига ҳам бевосита тааллуқлидир.

“Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарининг “Ёмон хулқлар” қисми 18 бобдан иборат. Муаллиф инсоннинг бундай хулқларини “саодати абадиядан маҳрум қиладиган, жаноби Ҳақ қошида ва халқ назарида мазмум, ҳаёти жовидонимиз учун масмум бўлган ахлоқи замималар...”, деб атайди. Асар муаллифи кишиларнинг ҳам ижобий, ҳам салбий хулқларини баён қилиб, китобхонлар мулоҳазасига ҳавола қилади, уларни мустақил фикрлашга даъват этади. У “Бу саналган ёмон хулқларнинг фанолиқларини, юқорида саналган яхши хулқларнинг гўзаллигини инсоф мувозанаси ила ўлчаб, виждон муҳокамаси ила таҳқиқлаб, яхшиларини тинглаб амал қилмак, ёмонларини онглаб, ҳазар қилмак лозимдур”, дейди.

Абдулла Авлоний ҳар бир ахлоқий категорияни таҳлил ва талқин қилар экан, бевосита ўз даври муаммолари билан боғлайди, шунинг учун асарда давр нафаси уфуриб туради. Мустамлака Туркистоннинг фожиали аҳволи, эрксизлиги, чор ҳукуматининг ўлкада юритаётган даҳшатли иқтисодий сиёсати асар қатларига моҳирона сингдириб юборилган: “Евруполиклар ўзимиздан олган беш тийинлик пахтамизни келтириб, ўзимизга йигирма беш тийинга сотурлар. Аммо биз осиёликлар, хусусан, туркистонликлар думба сотуб, чандир чайнаймиз, қаймоқ бериб, сут ошаймиз, нон ўрнига кесак тишлаймиз. Сўзнинг қисқаси ҳозирги замонга мувофиқ киши бўлмак учун илм ва маърифат ила баробар иқтисод, инсоф, туганмас сайъ, битмас ғайрат лозимдур”.

Асарда муаллифнинг ўзбекча сўзларни ниҳоятда нафис ҳис қилиши кўзга яққол ташланади. А.Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарини замондошлари – муаллимларнинг таклиф ва истакларини назарда тутган ҳолда, гарчи оғир бўлса-да, Шайх Саъдий услубида ёзмоқни муқаддас деб билди. Саъдийнинг “Гулистон” асарига чуқурроқ разм солсак, ҳаётдаги салбий воқеа-ҳодисаларни, ярамас хулқли кишиларни фош этишда ғазаб-нафрат, кучли ҳажв билан ифодалашдан кўра енгил кулги, мутойиба, киноядан усталик билан фойдалангани гувоҳи бўламиз. У ҳам Шайх Муслиҳиддин Саъдий каби ҳар бир боб охирида ўз ахлоқий қарашларини хулосаловчи қиссадан ҳисса сифатида 4-5 байт шеър келтиради, кескин фош этувчи аччиқ танқид, ҳажв Абдулла Авлоний асарида ҳам деярли кўзга ташланмайди. Бу билан у, биринчи навбатда, норасида, болалар ички дунёсини – ўқувчилар руҳиятини, улардаги раҳмдилликни, покликни назарда тутган бўлса, ажаб эмас. Аслини олганда, буюк Саъдийнинг “Гулистон” асари ҳам тилининг ниҳоятда самимийлиги, беозорлиги туфайли кўплаб ижодкорларни ўзига мафтун этиб, неча-неча асрлар давомида мактаб ва мадраса ўқувчи ҳамда талабаларининг асосий дарслиги вазифасини адо этиб келди. Асарнинг номланиши ҳам шунга ишора бўлиб, бундай фазилат Абдулла Авлонийнинг ҳам диққат марказида бўлган.

“Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарини бутун Туркистон зиёлилари катта мамнуният ва қониқиш билан кутиб олдилар, унинг тарғиб-ташвиқига алоҳида эътибор бердилар. Кекса педагогларнинг айтишича, мазкур асарнинг 1913 йилда босилган биринчи нашри қўлма-қўл бўлиб кетгани туфайли Авлоний ўша йилиёқ асарнинг баъзи ўринларини қайта ишлаб, 1917 йилда иккинчи нашрини босмадан чиқарди. Таълим-тарбияга бағишланган бу ноёб, мукаммал “баржаста” асарнинг ҳар бир адабиёт ва санъат аҳли, муаллимлар, умуман, ўзбек хонадонига кириб боришини дил-дилдан орзу қилдилар: “Туркистон вилоятининг газети”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона” газеталарида ушбу асарни таъриф-тавсиф этувчи туркум мақолалар эълон қилинди. Бунга “Садойи Туркистон” газетасида босилган “Туркистонга зўр шодлиғ” сарлавҳали мақола-тақриз далил бўла олади: “Кўпдан бери кутилган Туркистон учун энг керакли “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” исмли ахлоқ китоби очиқ тилда, Туркистон шевасида Шайх Саъдий усулида Абдулла Авлоний тарафидан ёзилуб, тошбосмада босилуб, 132 бетдан иборат муҳим асар майдонга чиқди. Ҳар бир адабиёт ошиқларина, хусусан, муаллим афандилара бирор нусхани тавсия қилурмиз”.

Дарҳақиқат, Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида замонавий педагогиканинг назарий ва амалий асосларини ишлаб чиқди ҳамда асар бўлғуси ёш муаллимлар учун дастуруламал вазифасини бажарди. Айтиш мумкинки, асар ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас, асло йўқотмайди.

Улуғбек ДОЛИМОВ,

педагогика фанлари доктори