Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, уларни юксак маънавиятли, билимдон, юрт тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар эришаётган ютуқларни рағбатлантириш ва муносиб тақдирлашга ҳам юксак эътибор қаратиляпти.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21 апрелда қабул қилинган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган иқтидорли, ижодкор талабаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш вазифаси белгилаб берилган эди.

Жорий йилда илк бор олий таълим муассасаларининг иқтидорли ва ижодкор талабалари учун ушбу давлат стипендияси танлови ўтказилди. Стипендия тайинлашда талабгорнинг олий таълим муассасасидаги таҳсил даврида вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги шахсий кўргазмасини ташкил этгани, соҳа бўйича халқаро ва республика даражасидаги кўргазма, биеннале, фестиваль, симпозиум, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва натижаларга эришгани, ўқув жараёнида мутахассислик фанларини аъло баҳоларга ўзлаштиргани, ўзбек миллий санъатини тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси инобатга олинди.

 Бадиий академия томонидан тузилган Эксперт гуруҳининг қарорига кўра, 7 нафар иқтидорли талаба тегишли таълим йўналишлари бўйича Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини қўлга киритди. Ўзбекистон Бадиий академиясида ғолибларга гувоҳнома топшириш маросими бўлиб ўтди.

— Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси — олий таълим муассасаларининг дастгоҳли рангтасвир, графика ва миниатюра, ҳайкалтарошлик, амалий санъат, дизайн, санъатшунослик ва музейшунослик  йўналишларининг охирги икки курсида таълим олаётган бакалавриат босқичи талабаларига тайинланади, — дейди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов. — Ҳар бир муваффақият замирида тинимсиз меҳнат, ишонч ва интилиш устуворлиги мавжуд. Умид қиламиз ва ишонамизки, ушбу нуфузли давлат стипендиясига сазовор бўлган талабаларимиз яқин келажакда ўзларининг аъло ўқиши, ижодий салоҳияти ва сермазмун ижоди билан Ватанимизга сидқидилдан хизмат қилади ва билдирилган ишончни албатта, оқлайди.

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари Турсунмурод Мусирмонов, Дилшода Ҳошимова, Тоҳиржон Аҳмедов, Наргиза Йўлдошева, Тошкент архитектура-қурилиш институти талабаси Гулчеҳра Мелибоева, Нукус давлат педагогика институти талабаси Гулнур Сарсенова, Бухоро давлат университети талабаси Ойша Иброҳимова илк стипендия эгалари бўлишди.

— Ҳар инсоннинг ўз олдига қўйган буюк мақсадлари бўлади, ўша мақсад ва ниятлар уни ҳамиша олдинга етак­лайди, — дейди Бухоро давлат университети талабаси Ойша Иброҳимова. — Келажакда соҳанинг етук устаси бўлиб, устозларимдан олган билимларни ёш авлод қалбига сингдиришга, уларнинг қалбида мусаввирликка қизиқишини янада оширишга ҳаракат қиламан. Ўзим Бухоро давлат университетининг санъатшунослик факультетига грант асосида ўқишга қабул қилинган эдим. Бугун эса, дастгоҳли рангтас­вир таълим йўналиши бўйича, буюк мусаввир номи билан аталган нуфузли давлат стипендиясига лойиқ топилдим.

Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси истеъдодли ёшларнинг миллий ва умуминсоний қадриятларни тараннум этувчи ёрқин асарлар яратиш, ўзбек тасвирий санъатини изчил ривожлантириш фаолиятида катта рағбат бўлиш билан бирга, уларнинг ижодида муҳим ўрин тутади ва юксак натижаларни қўлга киритишга ундаб туради.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири