Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Маълумки, бошқарувга оид илм жуда катта ақл-заковат, юксак маънавият, юқори сиёсий савия ва теран мулоқот маданияти ва албатта бой ҳаётий тажрибани талаб этади.

Айтиш мумкинки, давлатимиз етакчиси раҳбарнинг адолатли, шижоатли, шиддатли ва вазмин бўлишини Соҳибқирон Амир Темур, Заҳриддин Муҳаммад Бобур, Шароф Рашидов ва Ислом Каримов сиёсатига издошликда деб билди. Чунки, улар нафақат ўзининг, балки давлат аппарати, сиёсий институтлар, маҳаллий ҳокимият, барча раҳбарларнинг жонкуяр бўлишини, элим, юртим, деб яшашини истаган. Бугун фахр билан қайд этиш лозимки, янгиланаётган Ўзбекистон уч забардаст асос – адолат, юксак маънавият, қонун устуворлиги негизида қад кўтармоқда.

Мана олти йилдирки, Ўзбекистонни янгилаш йўлидаги ютуқларга Президент Шавкат Мирзиёевнинг жуда улкан раҳбарлик салоҳияти, давлат бошқарувининг улкан, ғоятда ноёб қобилиятига эга бўлган имкониятлари туфайли эришилди. Бу тарихий ҳақиқат. У ўз атрофида юксак салоҳиятли, чин ватанпарвар, ҳар қандай муаммолар ечимини топишга қодир бўлган кадрлар тизимини шакллантириш йўлидан борди. Инсон раҳбар бўлиб туғилмайди. Олий мартабали мақомга эришиш катта илмий салоҳият, мустаҳкам сиёсий ирода, Она-юрт ва Ота маконга садоқат, халқ ишончини қозониш каби чин инсоний фазилатларни талаб қилади.

Бошқарув, ўз моҳиятига кўра, жуда мураккаб ва зиддиятли ҳодиса, айниқса, давлат бошқаруви. У ташкилотчилик, илм ва санъатнинг ўзига хос бирикуви бўлгани сабабли инсондан катта истеъдод талаб қилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб, аввал туман ҳокими, сўнг иккита вилоят ҳокими ва ўн уч йилдан кўпроқ Бош вазир лавозимида ишлаб, Ўзбекистоннинг жамики эришган тарихий ютуқларига муносиб ҳисса қўшди. Айни ана шу йилларда у мамлакатнинг кўплаб қишлоқ ва маҳаллаларида бўлди. Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини ва муаммоларни жойларга чиқиб чуқур ўрганди. Уларни ҳал этишда, ўз вақтида ечимини топишда ўзига хос кенг имкониятларини ёрқин намоён этди. Бунёдкорлик ишлари билан фаол шуғулланди.

 

Катта ташкилотчилик салоҳияти ва устозга садоқат туйғуси

Ислом Каримов бундан ўттиз икки йил олдин мамлакатимизнинг миллий мустақиллигини дунёга эълон қилган эди. Бу давлатчилигимизни ва инсоний ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклаб, барча ютуқ ва марраларимизнинг замини бўлди. Шу боис,  Биринчи Президентимизга ҳурмат ўз тарихимизга ҳурмат ифодасидир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Хотира тадбирларида Ислом Каримовнинг халқимиз манфаати йўлидаги хизматларини доимо ёдга олади ва улуғлайди, мунтазам равишда устозларни қадрлаш ва ҳамиша ёдга олиш кераклигини, бу ёш авлодга ўрнак бўлишини таъкидлайди. Бу улуғ фазилат.

У бутун вужуди билан Ислом Каримовнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг инсон қўлидан келиши мумкин бўлган барча чораларини кўрди. Тангримиз иродаси. Наилож. Айтиш мумкинки, айни ана ўша қайғули кунларда Ислом Каримовнинг муносиб издоши, садоқатли шогирди, дафн этиш Хукумат комиссиясининг раиси Шавкат Мирзиёевнинг жуда катта ташкилотчилик салоҳияти ва устозга садоқат туйғуси ёрқин намоён бўлди.

Ҳақиқатан ҳам, 2016 йил 8 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳақли равишда таъкидлаган қуйидаги сўзлари муносиб шогирднинг ўз устозига берган таърифи эди: “Ислом Каримовниннг сўнмас хотирасига қўйилган энг буюк ҳайкал – бу мустақил ва суверен, эркин ва озод Ўзбекистон давлатидир... Миллий тарихимизнинг энг кескин ва таҳликали даврида, миллатлараро тўқнашувлар ва бошқа зиддиятлар авж олган, мамлакатимизда фуқаролар уруши хавфи юзага келган, иқтисодиёт чуқур инқирозга учраган, бир сўз билан айтганда, эски замоннинг умри тугаб, янги замон бошланаётган бир пайтда Ислом Абдуғаниевичнинг республика раҳбари этиб сайланиши Яратганнинг халқимизга бебаҳо марҳамати бўлган эди. Ислом Абдуғаниевичга хос бўлган букилмас ирода, фидойилик, мардлик ва ватанпарварлик, инсонийлик ва адолатпарварлик, самимийлик ва меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлар барчамиз учун ёрқин ибрат намунаси бўлиб қолди”.

2017 йилнинг 25 январида давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорнинг эълон қилиниши ҳалокат ёқасига келиб қолган Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирган, жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилган буюк сиймога бўлган катта эътибор эди.

Қарорда ҳар йили биринчи Президентимиз таваллуд топган сана – 30 январь кунини кенг нишонлаш, 2 сентябрь куни “Хотира куни” сифатида буюк давлат арбобини ёд этиш, ушбу саналар муносабати билан оммавий ахборот воситаларида Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятини кенг ёритиш вазифаси белгиланди. Қарорда белгиланган тадбирлар республикамиз жамоатчилиги томонидан катта кўтаринкилик билан кутиб олинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ва шахсий ташаббуси билан Биринчи Президентимизнинг хотирасини абадийлаштириш учун халқимиз, кенг жамоатчиликнинг хоҳиш-истаклари ва таклифларини инобатга олиб салмоқли ишлар амалга оширилди. Тошкент халқаро аэропорти, Тошкент давлат техника университети, Асака автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги санъат саройи, пойтахтимиз ва ҳудудлардаги марказий кўчалар, Оқсарой қароргоҳида ўз фаолиятини бошлаган илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, махсус хайрия жамоат фонди Ислом Абдуғаниевичнинг номи билан аталди. 2017 йили – мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг улуғвор, муаззам ва салобатли ҳайкали очилди.

2017 йилнинг 2 сентябрь куни эса хайрли ишларнинг давоми сифатида Ислом Каримов туғилиб вояга етган, мангу ором топган азим Самарқанд шаҳрида унинг ҳайкали қад кўтарди. Сўнгра 1986–1989 йилларда обкомнинг биринчи секретари лавозимида фаолият олиб борган Қашқадарё вилоятида ҳам маҳобатли ҳайкали ўрнатилди.

2017 йилнинг 6–7 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Республикасига давлат ташрифи чоғида Туркманистоннинг Туркманобод шаҳридаги марказий кўчалардан бирига Биринчи Президентимиз номи берилиб, ушбу кўчада Ислом Каримов хотирасини абадийлаштиришга бағишланган ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Юқоридагиларнинг барчаси садоқатли ва баркамол шогирднинг улуғ устозга бўлган самимий муносабати ифодаси ҳамдир.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўзининг издоши, энг синовли кунларда бир тану-жон бўлиб кенг кўламли стратегик лойиҳаларни бирга амалга оширган сафдоши Шавкат Мирзиёев сиймосига берган тафсиф(характеристика)ни келтириш ўринли:

“Ҳеч кимга сир эмас – Бош вазир лавозимига номзод танлаш ва уни тасдиқлаб олиш ҳақида гап борар экан, албатта, бу ўта мураккаб ва масъулиятли масала эканини ҳаммамиз ўзимизга яхши тасаввур қиламиз.

Бу вазифага ҳар томонлама чуқур билим ва ақл-заковатга, кенг фикрлаш қобилияти, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган, кўпни кўрган, мамлакатимизни ривожлантириш, тараққий топтиришда, йирик лойиҳаларни амалга оширишда талабчан, ташкилотчи ва жонкуяр, масъулиятли, жавобгарликни ўз зиммасига оладиган, энг муҳими, ҳар қандай вазиятда ҳам одамлар билан тил топишга, обрў қозонишга қодир бўлган, ўзининг хусусият ва аломатлари билан ажралиб турадиган инсонни топиш – бу анча мураккаб ва оғир вазифадир.

Шу маънода, бугун сизларнинг муҳокамангизга тақдим этиладиган номзод ўз фаолияти ва бажарган вазифалари билан эл-юртимиз, Ватанимиз эришган марраларни қўлга киритишда муносиб ҳисса қўшган одам бўлиши шарт, десам, адашмаган бўламан.

Айни ҳозир тилга олинган хусусият ва аломатларга тўғри келадиган, жавоб берадиган инсонни топиш қандай оғир бўлмасин, барча-барча фикрларни, хулосаларни инобатга олган ҳолда, ушбу вазифага Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини тавсия этаман. Ўйлайманки, бу номзодни сиз, ҳурматли депутатлар ва сенаторлар, ҳаммангиз яхши биласиз.

Шавкат Мирзиёев ўз раҳбарлик фаолияти давомида турли масъул лавозимларда ишлаган, катта ташкилотчилик ва амалиёт тажрибаси билан обрў қозонган. Уни мамлакатимиз вилоятлари ва туманларидаги барча ҳокимлар, катта-кичик раҳбарлар, халқимиз яхши танийди. Сиз халқ вакиллари – ҳурматли депутат ва сенаторлар ҳам бу номзодни қўллаб-қувватлайсиз, деб ишонаман”.

 

Халқона бошқарув, ҳалққа яқинлик, кундалик ташвиш ва қувончларига шериклик

2016 йил декабрида бўлиб ўтган Президент сайловлари ҳалқимизнинг юксак сиёсий маданиятини, интелектуал салоҳиятини, кўп миллатли ва кўп эътиқодли жамиятда ҳар бир фуқаро миллатидан, диний эътиқодидан қатъи назар, Ватан ва ҳалқ тақдирига жуда катта жавобгарлик ҳиссини яна бир бор синовдан ўтказди. Назаримизда, сайлов бюлетенини олган ҳар бир сайловчи номзодларни танлаш хонасига кирганида битта нарсани ўйлади ва бир муаммо атрофида мулоҳаза юритди. Номзодларнинг қайси бири менинг тақдиримга, болаларим келажагига, оилам тинчлиги ва ҳаётим ҳавфсизлигига кўпроқ кафолат бўла олади? Улардан қайси бири мустақиллик туфайли эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, мамлакат тараққиётини янги босқичга чиқара олади? Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида миллий манфаатларни қайси бири кўпроқ ҳимоя қила олади? – деган саволларга жавоб излашди ва якдиллик билан Шавкат Мирзиёевга овоз беришди.

Марказий сайлов комиссияси хулосалари эълон қилинганида бир нарса қалбимизда ғурур ва ишонч уйғотди. Демак, ҳалқимизнинг асосий кўпчилиги ўз тақдири ва истиқболи ҳақида ўйлар экан, Ватан тараққиёти ва юрт тинчлиги хусусида фикр юритар экан. Улар фикрдош, маслакдош ва умумий манфаатлар атрофида бирлашиб курашишга тайёр бўлган кучли интеллектуал салоҳиятни ва сиёсий ҳушёрликни намоён этишди. Ана шу жараённинг ўзи, айтиш мумкинки, энг янги тарихимизнинг бутунлай янги саҳифаси, маҳобатли тарихимизнинг бурилиш нуқтаси эди.

Сайловдан сўнг Ўзбекистоннинг янги Президенти сифатида иш бошлаган Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурини қайта кўриб чиқиб, унда кўтарилган масалаларни чуқурлаштириб, конкретлаштириб, ҳар бир соҳа ва йўналишни жадал ривожлантиришнинг ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан чора-тадбирларини ишлаб чиқди. Натижада дастурни такомиллаштириб, уни “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”га айлантирди. Ана шу жараённинг ўзида сиёсий етакчининг, давлат раҳбарининг ҳеч кимга ўхшамаган, ўзига хос фазилатлари намоён бўлди.

 

Таҳликали кунлар ортда қолди

Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлганини, ушбу даврда тўплаган тажрибамиз бир ҳақиқатни яққол исботлаб бераётганини, яъни тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилишини таъкидлади. Бу сўзларни қанча-қанча синовлардан ўтган, оғир вазиятлар хавфини бошқара олган, ўз бошидан ўтказган инсонгина айта олади.

Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятида ва иш услубида ҳалқона бошқарув, ҳалққа яқинлик ҳисси, уларнинг кундалик ташвиш ва қувончларига шерик бўлиш туйғуси устуворлик қилади. Бу давлат билан жамият, давлат раҳбари билан фуқаролар мақсадларининг муштараклигига, улар орасидаги муносабатларнинг уйғунлигига олиб келадики, натижада Ўзбекистонда ялпи барқарорлик ва юксак бунёдкорлик руҳиятининг чуқурлашишига эришилди.

Камина Давлат божхона қўмитаси раиси, ички ишлар вазири лавозимларида хизмат вазифамга тааллуқли масалаларда ёнма-ён юриб у кишидаги букилмас ирода, куч-ғайрат, шиддат ва шижоатга кўп бор гувоҳ бўлганман. Шавкат Миромонович учун Бош вазир сифатида хонашинлик, кабинетдан чиқмай иш юритиш принципи мутлақо бегона эди. У ҳаётнинг қайноқ нафасини бевосита ҳис қилиш, яхши-ёмон кунларда халқ билан бирга бўлиш, эл-юртнинг дарду қувончига доимо шерик бўлишни ўзининг ҳаётий маслаги, олий инсоний бурчи деб билади.

Шавкат Мирзиёев жойлардаги вазиятни “иссиқ изидан” ўрганиш, атрофлича таҳлил қилиш ва мулоҳаза билан хулоса қилиш, ечимини топишни ҳаёт тамойилига айлантириб улгургани, аввало, Аллоҳ юқтирган, сўнгра Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мактабини ўтаган оғир, синовли йилларда тобланган раҳбар сифатида шакллантирганини эътироф этиш зарур.

Бугунги кунда давлат бошқарувига хос бу фазилат ҳамма раҳбарлардаям етишмаётгани сир эмас. Давлатимиз раҳбари ислоҳотлар ғояси “сокин кабинетларда” яратилмаслигини ўз фаолиятининг бош мезонига айлантирганини ижтимоий ҳаётнинг ўзи тасдиқлади. Буни кўрмаслик, англамаслик ва сезмаслик мумкин эмас.

Президентимиз яхши кунларда ҳам, ташвишли кунларда ҳам доимо халқ билан бирга бўлди. 2005 йилги Андижон воқеалари, 2008 йилда Когон ва 2010 йилги Ўш воқеалари юз берган ўта таҳликали вазиятларда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовга елкадош бўлиб, жасорат ва матонат, чин инсоний фазилатларини кўрсатди.

***

Мен таклиф этилганлар қаторида 2022 йилнинг 20 декабрь куни Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини диққат билан тингладим. Мурожаатномадаги етти ўлчаб, кенг мулоҳаза билан билдирилган фикрлар замонавий масалаларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилишнинг ёрқин намунаси бўлди.

Президентимиз Мурожаатномасида “Қорақалпоғистонда 2022 йил ёз ойида содир бўлган нохуш воқеалар бутун эл-юртимизни қаттиқ қайғуга солди”, дедилар. Худога шукур, Президентимизнинг зийраклиги, донишмандларча ҳаракати ва кўп миллатли оқил халқимизнинг жипслиги боис вазият тезда изга тушди.

2022 йилнинг 1–2 июль кунлари мамлакатимизда мураккаб, ижтимоий-сиёсий вазият чигаллашган, носоғлом кучлар таъсири кучайган бир пайтда Қорақалпоғистонда юз берган стихияли жараёнларнинг сабаблари, шарт-шароитлари, манбалари хусусида Қорақалпоғистон халқининг фаоллари билан бамаслаҳат дадил ҳаракат қилган, мамлакатимиз миллий, иқтисодий ва маънавий хавфсизлигини сақлаб қолиш йўлида жасурлик, фидойилик намунасини амалда кўрсатган, Ўзбекистонни даҳшатли фожиалар гирдобига тортилишдан сақлаб қолиш учун кучли гражданлик позицияси, шижоат ва маънавий жасорат соҳиби Президент Шавкат Мирзиёевдир.

***

Яна бир гап. 2022 йилнинг 24 август куни Самарқанднинг янги қиёфасини белгилаб берадиган муҳташам мажмуа – “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг тантанали очилиш маросимида иштирок этдим. Миллионлаб юртдошларимиз каби менинг қалбимда ҳам фахр-ифтихор туйғулари янада юксалди.

“Боқий шаҳар” мажмуаси, унинг теварагидаги катта майдонни эгаллаган, энг замонавий талабларга жавоб берадиган кўркам бинолар, Улуғбек астрономия мактаби вакилларининг тадқиқотлари натижаси бўлган буюк мерос – “Зижи жадиди Кўрагоний” тимсолидаги кўркам амфитеатр, қадимий Самарқанднинг бетакрор қиёфасини гавдалантирган обидалар, муаззам туризм маркази, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз номидаги меҳмонхона, янги “Samarqand city” манзаралари ҳар қандай кишини ҳайратлантиради, ҳаяжонга солади. Шубҳасиз, буларнинг бари яна ўз мавқеига қайтаётган, халқимизнинг буюк тарихи ҳамда бугунги фаровон замонни ўзида уйғунлаштирган Самарқанд дунёдаги энг қадимий, энг гўзал ва обод шаҳар, “Ер юзининг сайқали” сифатида ўз ўрнини янада мустаҳкамлашига хизмат қилади.

Маълумки, Самарқанд – миллий давлатчилигимиз ва умуман, жаҳон цивилизацияси тарихида алоҳида ўринга эга. Ушбу боқий шаҳар тарихимиздаги иккала Ренессанс даврининг юзага келиши ва ривожида муҳим роль ўйнаган. Бу замин бағрида қад ростлаган мана шундай замонавий, улуғвор меъморий мажмуа Самарқанднинг қадимий шуҳратини тиклаш, уни янада кўркам ва обод қилиш, чинакам халқаро туризм марказига айлантириш бўйича кенг кўламли, мислсиз ишлар амалга оширилди.

“Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази буюк аждодларимиз бунёд этган муҳташам меъморий обидаларга муносиб бўлиб, уларнинг тарихий анъаналарини давом эттиришга хизмат қилишини англадим.

Дилдан ҳис этиб айтмоқчиманки, “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказига қадам қўйган инсон нафақат қадимий Самарқанд бағрида, балки бутун Ўзбекистон заминида юргандек бўлади, унинг бор улуғворлиги ва беқиёс жозибасини ҳис этади. Бу шубҳасиз.

Шу ўринда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Президентимиз Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубидан иқтибос келтирсак: “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити улкан муваффақият қозонди ҳамда Ташкилотнинг соғлом ва барқарор тараққиётига хизмат қилишда тарихий аҳамият касб этди. Хитой Ўзбекистоннинг самарали раислигини ва Ташкилот ривожига қўшган муҳим ҳиссасини юксак қадрлайди. Биз Ўзбекистон ва бошқа аъзо давлатлар билан “Шанхай руҳи”ни фаол илгари суриш ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг янада кенг ривожланишига кўмаклашиш мақсадида Самарқанд саммитининг бирдамлигини рўёбга чиқаришга тайёрмиз”.

***

Мурожаатномада кейинги йилларда эришилган марралар сарҳисобига доир келтирилган мисол ва далиллар кенг кўламли ва самарали ислоҳотларнинг улкан натижаларини тасаввур қилиш учун асос бўлади. Унинг асосида ҳаётимиз ва фаолиятимиз учун зарур ҳаракат дастурлари ва чора-тадбирлар режалари белгилаб олинмоқда. Шу жиҳатдан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилган 2023 йилда ҳам ўтган йиллардаги каби жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар замонавий тарихимизнинг етакчи ҳаракатлантирувчи омиллари сифатида ўз таъсири ва аҳамиятини сақлаб қолиши шубҳасиз.

Таъкидлаш керакки, кучли характер, метин иродали Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги улуғвор лаёқатини, халқаро миқёсдаги сиёсий ва иқтисодий дипломатиясида таянадиган ботиний қудратини ҳеч ким рад эта олмайди.

Баҳодир МАТЛЮБОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғининг маслаҳатчиси, генерал-лейтенант