Адлия вазирлиги томонидан маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, аҳолининг оворагарчилигига чек қўйишга қаратилган Аҳоли ва тадбиркорларга енгилликлар яратиш ҳамда бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш бўйича Президенти фармони лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига (regulation.gov.uz) жойлаштирилди.

Лойиҳа том маънода аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига енгилликлар яратишга, давлат хизматларини кўрсатишни соддалаштиришга қаратилган бўлиб, ўзида “халқчил” талабларни акс эттиргани билан жуда муҳим ҳисобланади.

Хусусан, лойиҳада фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида кўрикдан ўтиш ва транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш хизматлари экстерриториал тамойил бўйича амалга ошириш белгиланмоқда.

Яъни, лойиҳа қабул қилинса ушбу хизматлар фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ҳамда юридик шахсларнинг почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъи назар исталган ҳудуддан ушбу хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилади.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда электрон тизими орқали олиши белгиланмоқда.

Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишда ва тўловларини амалга оширишда юридик шахснинг вакилидан тўловни нақд пулда амалга оширишга рухсат берилмоқда.

Давлат хизматларидан фойдаланишда фуқаролар томонидан ваколатли органган мурожаат қилганда, агарда уларнинг аризаси ёки унга илова қилинган ҳужжатларда тўғрилаш мумкин бўлган хатолар мавжуд бўлса, ваколатли орган давлат хизматини кўрсатишни рад этмасдан, уларни тўғрилаш учун аризачига имконият ва муддат бериши белгиланмоқда.

Давлат хизматини кўрсатиш натижасида QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилган ҳужжатлар бўйича уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинмоқда. Бунда фуқаролар ёки тадбиркорлик субъектлари ушбу ҳужжатлар электрон кўринишда чекланмаган миқдорда бепул олиш имконияти яратилади. Бунда аризани кўриб чиқиш муддатини ҳисоблаш хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш учун ваколатли орган томонидан берилган вақт давомида тўхтатиб турилади.

Лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришга ваколатли органлар томонидан аризаларини кўриб чиқиш муддати давомида тегишли ҳужжатни бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинмаса, мазкур лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат талабгорнинг хабарномасига асосан электрон тизими орқали автоматик равишда шакллантириш масалалари акс эттирилмоқда.

Давлат муассасалари, ишлаб чиқариш кооперативи, қишлоқ хўжалиги кооперативларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг ҳуқуқий механизмлари белгилаб берилмоқда.

Жисмоний шахслар давлат ва хўжалик бошқарув органларига мурожаат қилганда улардан 18 турдаги ҳужжат ва маълумотларни талаб қилиш бекор қилинмоқда. Бу орқали бир йилда ўртача 4-5 млн аҳолининг у ёки бу даражада оворагарчилигини олди олинади.

Хусусан, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб, 12 турдаги (руҳий касалликлар, наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги, судланганлик, манзил-маълумот ахбороти, фуқаронинг номида уй-жой борлиги ёки йўқлиги, турар жойнинг майдони, солиқ қарзи бор ёки йўқлиги, солиқ тўловчи жисмоний шахсларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги, пенсия ва нафақа миқдори, пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, никоҳ қайд этилганлиги, шахснинг никоҳ ҳолати тўғрисидаги) маълумотномаларни фуқаролардан талаб қилиш амалиётини бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, фуқаролардан 6 турдаги (шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси, шахснинг фотосурати, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномаси, кадастр ҳужжатлари, меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари, иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномаси) ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинмоқда.

Бунда, давлат ва хўжалик бошқарув органлари ушбу ҳужжатларга зарурат туғилганда тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали ўзи сўраб олади.

Жисмоний шахсларга ID-карталари бериш уларни солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш ҳамда фуқарони пенсия жамғармасида ҳисобга қўйиш билан бир вақтда амалга ошириш белгиланмоқда. Бу эса келгусида фуқароларнинг мазкур 2 та органга қўшимча овора бўлиб боришига чек қўяди.

Ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритишда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланишни жорий этиш орқали солиқ тўловчининг идентификация рақамини (СТИР) воз кечиш белгиланмоқда. Ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича ваколатли органларга тегишли вазифалар юклатилмоқда.

Таълим муассасаларини тугатганда ёки ўқишни бир таълим муассасасидан бошқасига кўчирганда ўқувчи-талабаларнинг таълим муассасасидан қарздорлиги мавжуд эмаслигини тасдиқловчи “айланма варақани” тўлдиришни талаб қилиш амалиёти бекор қилинмоқда.

Бунда ўқувчи-талабанинг таълим муассасаси олдида бажарилмаган мажбуриятларни ёки қарздорлиги мавжудлиги тегишли таркибий тузилмалар томонидан бериладиган ахборотга асосан таълим муассасасининг масъул ходими томонидан аниқланади ва фақатгина қарздорлиги бор ўқувчи-талабалардан ушбу қарздорликни бартарф этиши талаб қилинади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб давлат хизматларини вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ички ҳужжатларига асосан кўрсатиш ҳамда кўрсатилган давлат хизматлари учун ундириладиган йиғим ва бошқа тўловлар миқдорларини уларнинг ички ҳужжатлар билан тасдиқлаш тақиқланмоқда. Шу муносабат билан, давлат хизматлари кўрсатиш учун ундириладиган йиғим ва бошқа тўловлар миқдорлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тасдиқлаш белгиланмоқда.

30 та хизмат натижасини фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг хоҳишига кўра почта алоқаси орқали улар айтган манзилга етказиб бериш хизмати йўлга қўйилмоқда.

8 та давлат хизмати 2021 йил 1 апрелдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 январдан бутун республика бўйича фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда давлат органларининг расмий веб-сайтлари орқали электрон шаклда кўрсатиш белгиланмоқда.

Булар, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш, Давлат экологик экспертизаси, Товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат олиш, ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган мол-мулкни сертификатлаш, олиб келинаётган технологик ускуна ва унинг эҳтиёт қисмларининг маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотлар тоифасига кириши ҳақидаги хулоса олиш, инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун техник вазифаларни комплекс экспертизадан ўтказиш, инвестициявий лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини комплекс экспертизадан ўтказиш, импорт контрактларини экспертизадан ўтказиш давлат хизматлари бўлиб ҳисобаланади.

Ушбу хизматлар йўлга қўйилса фуқаролар билан давлат органларининг юзма-юз муносабатга киришишига чек қўйилади, асосийси фуқароларимиз уйидан туриб ушбу хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилади.

Хулоса қилиб айтганда, Фармон лойиҳасининг қабул қилиниши аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ортиқча оворагарчилигини олдини олишга ҳамда уларга кўплаб енгилликлар (қулайликлар) яратилишига хизмат қилади.

                                                                                                                                                                                                                                                                                                            БУНЁД АЗИЗОВ,

                                            Адлия вазирлигининг маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш 

ва мониторингини юритиш бошқармаси бошлиғи