Мулоқот аввалида Туркманистонлик сармоядорларга мамлакатимизнинг чарм-пойабзал ва мўйначилик саноатида яратилган шароитлар ва имкониятлар, соҳанинг ишлаб чиқариш салоҳияти, инвестицион салоҳияти, экспорт кўрсаткичлари тўғрисида маълумот тақдим этилди. Шунингдек, айни йўналишга ўз инвестициясини киритишни мақсад қилган маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун давлат томонидан берилган имконият ва яратилаётган шароитлар, божхона, солиқ имтиёзлар тўғрисида ахборот берилди.
Туркман компанияси раҳбари мулоқот чоғида мамлакатимиз ҳудудларида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишганлигини маълум қилди. Корхоналарнинг салоҳиятини юқори баҳолади. Сўнги йилларда мамлакатимизнинг бу йўналишдаги потенциали ортиб бораётгани, Ўзбекистонда тайёрланган ёрлиғи остидаги маҳсулотларга дунё бозорида талаб ортаётганини алоҳида қайд этди. Шу боис Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишни мақсад қилганини таъкидлаб ўтди.
Маълумот ўрнида қайд этиш керак, бугунги кунда «Максад дери» компанияси Туркманистондаги йирик терини қайта ишлаш корхонаси саналади. Кунлик 1 000 дона терини қайта ишлаш имкониятига эгадир. Ҳозирда Туркманистонда бу каби терини қайта ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 3 тани ташкил этади. Уларни келгусида 10 тага етказиш мақсад қилинган. Шу боисдан Туркманистон корхонаси бу йўналишда айнан Ўзбекистон тажрибасини ўрганишни мақсад қилган. Шунингдек, Туркманистон пойабзалнинг 70 фоизи хориждан хусусан, Ўзбекистондан импорт қилади.
Мулоқот чоғида Туркманистонлик инвестор Ўзбекистонда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, давлат ва ҳукуматнинг хорижлик сармоядорларни тўлиқ қўллаб- қувватлаши сабаб, мамлакатимизда пойабзал ишлаб чиқариш корхонасини барпо этиш бўйича ўз ташаббусини билдирди.
Учрашув якунида «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан Туркман компаниясига янги корхонани очиш бўйича амалий кўмак кўрсатиш ва икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келгусидаги вазифалар белгилаб олинди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.