Чирчиқ давлат педагогика университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Ғофуржон Мухамедов талаба ёшлар билан учрашди. Мулоқот очиқ суҳбат тарзида олиб борилди, деб ёзмоқда университет ахборот хизмати.

— Юртимизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур, — дейди ЧДПУ ректори Ғофуржон Мухамедов. — Ҳаёт курашдан иборат. Бу курашда фақат кучли билим ва салоҳиятга эга бўлганларгина ғолиб бўлади. Университетимизнинг келгуси салоҳиятини белгиловчи қатор дастурларни амалга оширмоқдамиз. Халқаро даражада дарс бера олиш лаёқатига эга кадрларни тайёрлаш масаласига бор эътиборимизни қаратганмиз. Бу мақсад ва ғояларга, авваламбор, университет ёшлари ва талабаларининг мақсади сифатида қарайман. Устозлари билан тизимли ишлаётган ёшларни қадрлайман ва қўллаб-қувватлайман.

— 8 йиллик танафусдан кейин ўқишга кирдим. Учинчи курс талабасиман. Оилалиман. Кураш бўйича республика мусобақаларида иштирок этаман. Спортга қизиқаман. 2023-2024 ўқув йилида Навоий номли давлат стипендиясига сазовор бўлдим, — дейди Мактабгача таълим факультети талабаси Лаззат Илесова. — Ректоримизнинг талабалар муаммолари ва камчиликларини эшитиб, масъулларга керакли топшириқ бергани ҳамда ёшларга тўғри йўналиш кўрсатгани таҳсинга сазовордир.

Шунингдек, учрашувда ёшлар эришаётган ютуқлари, ўзларини қийнаётган турли муаммо ва масалалар юзасидан эркин фикр билдирдилар.