Айниқса, АҚШ компаниялари ушбу соҳада савдо-сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлашга интиляпти. Шубҳасиз, бунда АҚШ Меҳнат вазирлиги томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта ва ундан тайёрланган маҳсулотларни олиб киришга қўйилган расмий чекловлар бекор қилингани муҳим омил бўлаётир.

Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмасида АҚШ қишлоқ хўжалиги департаменти (USDA) Бош консуллиги делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувда бу яна бир карра эътироф этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан иқтисодиёт тармоқлари либераллаштирилгани, қишлоқ хўжалиги тубдан ислоҳ қилингани, энг асосийси, соҳада маҳсулот етиштириш ва қайта ишлашнинг кластер усулига ўтилгани муваффақиятларга кенг йўл очаётир. Натижада ўтган қисқа давр ичида мамлакатда етиштирилаётган пахта хом ашёсини тўлиқ қайта ишлашга эришилди.

Меҳмонлар эътирофича, Ўзбекистон саноатчилари таклиф этаётган тайёр тикув-тўқимачилик маҳсулотларининг сифати юқори. Шу боис, ташқи бозорда тобора рақобатдош бўлиб боряпти. Бу, ўз навбатида, маҳсулотларга бўлган талаб оширади.

Бу йил уюшма тизимида 134 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан 3,5 миллион тонна пахта етиштирилиши кутиляпти. Ундан олинган 1,1 миллион тонна толанинг 50 фоизи кластерларнинг ўзларида чуқур қайта ишланади. Чунки бугунги кунда кластерларда толани беш босқичли қайта ишлашнинг уч босқичи йўлга қўйилган, 2026 йилда эса тўлиқ саноат занжири яратилади. Бу Ўзбекистонни жаҳон тўқимачилик бозорининг марказига айланишига хизмат қилади, албатта.  

— Ўзбекистонга менинг илк ташриф буюришим, — деди АҚШ қишлоқ хўжалиги департаменти (USDA) Бош консуллигининг қишлоқ хўжалиги маркетинги бўйича етакчи мутахассиси Чағлар Эрдуғон. — Келиб, чиндан ҳам, юртингиз пахта-тўқимачилик соҳасида юқори салоҳиятга эга эканлигига гувоҳ бўлдим. Ушбу сафаримиздан кўзланган мақсад эса кластерлар фаолияти билан яқиндан танишиб, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдир.  Ўйлайманки, ташрифимиз давомида бу борада дастлабки келишувларга эришамиз.