Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Иқболжон Эргашев бошчилигидаги вилоят делегациясининг Россия Федерацияси бўйлаб ташрифи ҳудудлараро ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашни мақсад қилган.

Дастур асосида навбатдаги учрашув Челябинск шаҳрида ташкил этилди.

Бу ерда икки томон тадбиркорлари ўртасида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва текстиль саноати ҳамда тиббиёт соҳасида савдо-инвестицион ҳамкорлик ўрнатиш бўйича B2B музокаралар олиб борилди.

Фарғона вилоятининг «Export Import Quality», «Fergana Exim Agro», «Фарпромтехинпекс», «YMO Premium Uniform» МЧЖ корхоналари раҳбарлари Челябинск тадбиркорларига ўз маҳсулотларини таърифлаб, намуналарини тақдим этдилар.

— Россиянинг «Wildberries» онлайн савдо платформасида Фарғонада ишлаб чиқарилган трикотаж маҳсулотлари, махсус кийимлар, болалар кийимлари, оёқ кийимларни сотиш бўйича музокараларимиз самарали бўлди, — дейди Ёзёвон туманидан тадбиркор, «YMO Premium Uniform» МЧЖ раҳбари Нодиржон Юнусалиев.

Шунингдек, кун давомида Челябинск вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қабул қилиш ва тарқатиш марказлари имкониятлари муҳокама этилди.

Маҳаллий ресторанлар тармоқлари, кондитерлик корхоналарига қуритилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни етказиб бериш истиқболлари ўрганилди. Ҳозирда маҳсулотларни Челябинскга етказиш шартлари ва нархлар доирасида келишув ишлари кетяпти.

Бундан ташқари, Челябинск давлат маданият институтида Фарғона вилояти ёшларини грант асосида ўқитиш юзасидан келишувга эришилди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.