Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Жаҳон тиллари университети ўртасида имзоланган меморандум ижросини таъминлаш мақсадида талаба ёшларда хорижий тиллар бўйича билим ва кўникмаларини шакллантириш, юрт келажаги ва равнақи учун хизмат қилувчи, жаҳонда рақобатдош ёш истеъдод эгалари ҳамда интеллектуал салоҳиятли ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлаш юзасидан самарали тадбирлар амалга оширилмоқда.

Анжумандан кўзланган асосий мақсад – иқтидорли ёшларни танлаб олиш, уларни мустақил фикрлай олиш қобилиятига эга бўлган, ўз фикрини чет тилларда ҳам эркин баён қила оладиган интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ёш кадрларни шакллантириш, уларнинг нафақат соҳавий билимларини, истеъдодларини, қобилиятларини балки замонавий инновацион технологиялар борасидаги илмий-тадқиқот ишларини янада шакллантиришдан иборат.

Тадбирда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, курсантлар, талаба ёшлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжуманда сўзга чиққан Академия бошлиғи генерал-полковник Қобул Бердиев бугунги тадбир турдош олий ўқув юртининг талаба ёшлари билан ҳамкорликда билимлар беллашуви тарзида ўтказилаётгани таъкидлаб, жамоаларга омад тилаган ҳолда, мамлакатимизнинг барча олий ўқув юртларида хорижий тилларни ўқитишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бугунги куннинг ёшлари хорижий тилни талаб даражасида эгаллашликларини, хорижий тилларни мукаммал ўқитиш учун барча шароитлар яратилганини, турли тўгараклар ташкил этилганлигини, Академияда ҳам курсантларнинг нафақат чет тилларини ўрганишлари балки барча фанлардан юксак билимга эга бўлишлари учун барча шарт-шароитлар етарли эканлигини таъкидлади.

Юқори савида ташкил этилган, билимлар беллашуви тарзида ўтказилган анжуман доирасида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаларидан таркиб топган “PRESTIGE” ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси курсантлари жамоасидан таркиб топган “RESCUERS” жамоалари ўзаро 4 шарт бўйича қизиқарли чиқишларини намоён қилди.

Қизиқарли ва баҳс мунозарага бой бўлган билимлар майдонида  барча шартлар бўйича йиғилган баллар натижаларига кўра, 36 балл билан “RESCUERS” жамоаси ғолибликни қўлга киритган бўлса, 26,2 балл билан “PRESTIGE” жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Анжуманда совринли ўринни эгаллаган жамоаларга ҳамда фаол иштирок этган иштирокчилар диплом, сертификат, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 Фарҳоджон ХОЖАЕВ,

ФВВ Академияси

катта ўқитувчиси