Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясига қарашли “Chinobod plaza sanatoriysi” МЧЖ қурилиши 2018 йилнинг 2-чорагида бошланиб, 2020 йилда тўлиқ якунланди. Санаторий 144 ўринли ётоқхона ва даволаш биносига, йилига 4500 ишчи ва хизматчиларни соғломлаштириш қувватига эга бўлиб, ҳудуди 1,7 гектарни ташкил этади. Қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ҳамда муҳандислик иншоотларини барпо этиш учун жами 71,887 миллиард сўм маблағ сарфланди. Бино цокол ва бешта қаватдан иборат.
“Chinobod plaza sanatoriysi” МЧЖ ошқозон-ичак йўли касалликлари, юрак-томир, эндокрин ва асаб тизими билан оғриган фуқаролар учун тиббий реабилитация хизмати кўрсатишга ихтисослаштирилган меҳмонхона классидаги бальнеологик санаторий бўлиб, денгиз сатҳидан 450 метр баландликда жойлашган.
Санаторийда даволаш муолажалари табиий, иқлимий ва физиотерапевтик усуллардан комплекс равишда фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.
Асосий тиббий даволаш омиллари сифатида Тошкент артезиан ер ости сувлари ҳавзасидан чиқадиган термал, кам маъданли, хлорид-сульфатли-натрий-гидрокарбонатли(+510) Бюветнинг шифобахш сувлари билан даволаш муолажалари амалга оширилади.