Юртимизда ҳунармандчилик тарихи қадим ўтмишга бориб тақалади. Бугун  мазкур касб билан шуғулланиш учун барча шарт-шароитлар бор.  Қадимдан ривожланган бу ҳунар одамларга наф келтириш билан бирга, уларнинг турмуш даражасини ҳам ўзгартиришга хизмат қилади.   

Нормуҳаммад ака Эштоев  саккиз йилдан буён уйида эшик, ром, хонтахталар ясаб қишлоқдошлари меҳрини қозониб келади. 

– Аслида бу касб мен учун ота мерос бўлиб, ундан воз кечолмайман, – дейди Нормуҳаммад ака.  

Дарвоқе,  оилада 5 қиз, бир ўғил вояга етяпти.  Оиланинг ҳунармандчилик ишлари билан танишиш мақсадида устахонага йўл олдик. Эшик олдидаги дастгоҳни маҳорат билан бошқараётган қизни кўриб, бироз ҳайратландик. 

Нормуҳаммад ака бизнинг ҳайрон бўлаётганимизни сезиб, шундай деди: 

– Ҳа айтганча,  мени ишимни хозир қизларим давом эттиришяпти. Икки йил аввал соғлиғимда бироз муаммо пайдо бўлди. Шифокорлар дастгоҳларда ишлашимни ман этишди.    Катта қизим Ҳулкарга аҳволни айтдим. У мени дарҳол тушунди.

– Дадажон, сиз хавотир олманг, дамингизни олинг, бизга йўл-йўриқ кўрсатиб  турсангиз бас, барчасини ўзимиз эплаймиз, – деди Ҳулкар.

 – Барака топишсин, ҳозир буюртмаларнинг ҳаммасини ўзлари уддалашяпти. Шаҳардан тахта олиб келишдан тортиб, ҳисоб-китоб ишларигача ўзлари эплашаяпти, –дейди Нормуҳаммад ака. 
 Опа-сингиллар Ҳулкар, Гавҳар, Камола бири биридан чаққон ишлашади. Бизни эътиборимизни тортган яна бир жиҳати, улар бир-бирига жуда меҳрибон. Ўз вазифаларини қунт билан бажаришади. Ишга жону дили билан киришиб, охирига етгазмагунча тиним билишмайди. Ҳулкарда ижодий ёндошув кучли. У  ясаган қутичалари, сувинерларини ўзи дизайнерлик қилиб безатади. Гавҳар эса рўзғорда ишлатиладиган ўқлов, жува, хонтахта учун қуббали оёқлар  ясайди. Камола хонтахта ясашни маромига етказади.

Дурадгод қизлар оиласи ўтган йили банкдан 10 млн. сўм кредит олиб айрим дастгоҳларни сотиб олди. Бу йил эса яна 30 млн. кредит олиб, фаолиятини янада кенгайтирмоқчи. Ҳозирча керакли асбоб-ускуналар ва дастгоҳлар харид қилишди. Беш турдаги хилма хил  дастгоҳларни қизлар усталик билан бошқаришяпти. Бу йил устахонани кенгайтиришни режа қилишган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати маълумотларига кўра, дурадгор қизлар оиласида "Уста-шогирд" анъаналари ҳам йўлга қўйилган бўлиб, амакиларининг ўғилларига ҳам касб сирлари ўргатишмоқда.