Ҳозир Наманган аэропорти туристлар оқимига кичиклик қилмоқда. 140 миллион доллар инвестиция ҳисобига Наманган аэропорти реконструкция қилинмоқда. Янги терминал ишга тушса, йўловчи ташиш қуввати 2,5 карра ошади.
Шунга мос равишда туризм инфратузилмасини ҳам ривожлантириш кераклиги айтилди.
Лекин Намангандаги энг жозибали ҳудудлардан бири – Чортоқ тумани имкониятлари тўлиқ ишга солинмаяпти. Туристлар учун онлайн маълумот олиш, жойни олдиндан банд қилиш каби оддий хизматлар ҳам йўлга қўйилмаган. Даволанишга келган одамлар вақтини мазмунли ўтказиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун етарли шароит яратилмаган.
Шу муносабат билан Чортоқни бутун йил давомида хизмат кўрсатадиган водийнинг туризм хабига айлантириш топширилди. Чортоқдаги лойиҳалар инфратузилмаси учун 50 миллион доллар ажратилиши айтилди.
Жаҳон банки билан Ўрта шаҳарларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида жорий йилда “Фурқат” боғи реконструкция қилиниб, ҳудуди қарийб 2 баробар кенгайтирилади, Чортоқсой бўйлаб 11 километр узунликда пиёдалар ва велосипед эко-йўлаклари қурилади.
Жадал комплекс ривожлантириш дастури доирасида Чортоқсой ва Катта Наманган канали қирғоқларининг 7 километри бетонлаштирилиб, 30 гектар ер фойдали майдонга айлантирилади.
Бу ердаги кўп йиллик боғлар билан уйғун ҳолда санаторий типидаги йирик сервис объектлари барпо этилади. “Чортоқ” сув омбори атрофида туризм комплекси, меҳмонхона, ресторан, дам олиш ва кўнгилочар масканлар ташкил қилинади.
Яна бир йирик лойиҳа – Поп туманидаги Арашан кўли атрофида 1 минг 200 гектар майдонда йилига 1 миллион сайёҳни қабул қиладиган йирик туризм комплекси барпо этилади.
Туризм соҳасидаги катта лойиҳалар учун кадрлар тайёрлаш мақсадида кейинги ўқув йилидан Австриянинг Кремс университети билан Наманган давлат университетида қўшма факультет ташкил қилинади.