Бу фасл бошланиши билан юртдошларимиз изғиринли, қор-қировли кунларга тараддуд кўришни бошлаб, уйини иситиш, овқат пишириш, чой қайнатиш учун қулай шарт-шароит яратиш билан боғлиқ муаммолар ҳақида ўйлай бошлайди. Уларни ҳал этиш учун эса, биринчи навбатда, газ ва электр энергияси зарур.
Шу ўринда айтиш лозимки, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар туфайли мамлакатимизнинг олис ҳудудлари аҳолисига газ етказиб бериш борасида кўплаб ишлар қилинди.
Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 сентябрдаги “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дустуриламал бўлди. Қарорда олис ва бориш қийин бўлган қишлоқларда куз-қиш даврида суюлтирилган газ етказиб бериш ва захирасини яратиш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Хўш, ўтган қарийб бир йил ичида қарорда белгиланган вазифалар ижроси ҳудудларда қандай бажарилди? Нималар қилинди-ю, нималар эътибордан четда қолди? Шу саволларга Бухоро вилояти мисолида жавоб излаймиз.
Шофиркон тумани вилоят марказидан салкам 120 километр узоқда жойлашган. Чўл кенгликлари ёзда иссиқ, қишда эса совиб кетади. Шунга қарамай, газчилар вазифаларига виждонан ёндашиб, барча зарур юмушларни ўз вақтида адо этишяпти. Бундан аҳоли ҳам жуда мамнун.
— Яқин йилларгача фақат ўтин ёқардик. Ўтин топишнинг ўзи бир азоб эди. Бугун эса хонадонларимизга суюлтирилган газ етиб келди. Қувонарли яна бир жиҳати, газ пулини тўлаш ҳам осонлашди. Уч йилдан буён тўловларни пластик карталарда амалга оширяпмиз, — дейди туманнинг Чуруқ овулида истиқомат қилувчи 74 ёшли онахон Ойбарчин Эшназарова.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда газ таъминотида юз берган ўзгаришлар истеъмолчилар ишончини оқламоқда. Хусусан, соҳага рақамли технологиялар кириб келиши шаффофликни таъминлади. Ҳудудларда аҳолига газ тарқатадиган масъул шахсларнинг харид учун истеъмолчидан нақд пул қабул қилишига чек қўйилди.
— Тизимда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимнинг ўз вазифаси бор, — дейди Бухоро вилояти газ таъминоти филиали директори ўринбосари Абдуқодир Мақсудов. — Очиғи, аввалари баллонда қанча газ бўлса ҳам улар бир хил нархда сотилаверган. Бу истеъмолчилар норозилигига сабаб бўларди. Энди газ баллонлари жойларга жўнатилишидан олдин назорат тарозида ўлчанади ва ўлчовга қараб нархи белгиланади. Тўловлар юз фоиз пластик карта орқали амалга оширилади. Бу газни аҳолига етказиб беришда шаффофликни таъминлаяпти ва мавжуд муаммоларнинг олди олиниши учун хизмат қилмоқда.
Бугун “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан 167 мингдан зиёд истеъмолчи суюлтирилган газ билан таъминланади. Уларга сўнгги олти ойда 14 минг тоннага яқин ушбу маҳсулот етказиб берилди.
Биз юқорида тилга олган Чуруқ овули аҳолиси неча йиллардан буён газ йўқлиги сабаб азият чекиб, қийналиб келган. Чорвачилик соҳасида ўзига хос тажрибаси билан машҳур бўлган чуруқликлар сўнгги йиллардаги ислоҳотлар боис, ўтин ёқиб чой қайнатишдан халос бўлди.
— Чуқур – чўл бағридаги чорвадорлар қишлоғи. Шу қишлоққа газ етказиб бериш менга юкланган. Ҳар куни эрта тонгдан газ тўлдириш шохобчасидан чиқиб, деярли 3 соат деганда қишлоққа етиб келаман, олтмишдан ортиқ хонадонга газ баллонлари тарқатаман. Истеъмолчиларнинг биз ҳақимиздаги илиқ фикрларини, ёши улуғларнинг дуосини эшитиб қувонаман. Тўғриси, хайрли иш қилиш барибир яхши-да, — дейди овулга газ баллонлари етказиб бериш билан шуғулланувчи ҳайдовчи Суҳроб Содиқов.
Ҳа, бугун тизимда талайгина янгиликлар яратилди. Кўп жойларда илгаригидай ўтин излаб сарсон бўлишлар, газ балонларини кутиб, сарғайишларга барҳам берилган.
— Газ баллонлари истеъмолчиларга вилоятдаги 3 та газ таъминоти филиали тасарруфидаги газ тўлдириш шохобчаси ҳамда хусусий газ тўлдириш шохобчалари орқали етказиб берилмоқда, — дейди вилоят газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Азиз Расулов. — Ҳар бир газ баллонига ёпиштирилган махсус кодли ёрлиқ уларнинг хавфсизлигини таъминлайди. Газ тўлдириш шохобчаларининг кунлик қуввати 22 тонна бўлиб, 12 нафар ходим шу иш билан банд.
Шу кунларда вилоятдаги газ тўлдириш шохобчаларида иш қизғин. Ходимлар ўз вазифасига масъулият билан ёндашади. Қоракўл туманидаги “Қоракўл” газ тўлдириш шохобчасида қарийб ўн йилдан буён фаолият олиб бораётган чилангар Комилжон Ғаффоров ҳам ўз касбининг жонкуярларидан.
— Эрта тонгдан иш бошлаймиз. Меҳнатимиз машаққатли, аммо завқи бўлакча. Одамлардан раҳмат эшитганингда, дуо олганингда, барча чарчоқ чиқиб кетади. Барчамизнинг мақсадимиз бир – аҳоли турмушини янада яхшилашга хизмат қилиш, — дейди у самимийлик билан.
Ромитандаги Қизилравот овули туман марказидан 231 километр олисда, эртакларда айтилганидек, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган Қизилқум кенгликларида жойлашган. Маҳалладаги 104 та оилада 600 га яқин аҳоли яшайди. Умумий майдони 294 минг гектарни ташкил этаётган ҳудуднинг аксар ери чўл ва қумликлардан иборат.
Шунга қарамасдан, сўнгги йилларда овул инфратузилмасини яхшилаш, унда истиқомат қилаётган юртдошларимиз фаровон турмуш кечириши учун қулай шарт-шароит яратишга эътибор кучайди. Ҳудуддаги истеъмолчиларга “Ромитантумангаз” газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан ўз вақтида газ баллонлари етказиб бериляпти. Бу борада таъминот ва муаммоларни бартараф этиш тўлиқ назоратга олинган.
— Ёшлигимиз қийинчиликларда ўтиб кетди. Биз табиий газдан фойдаланмаганмиз, чўлнинг иссиғида, қишнинг қаҳратонида уй иситиш, қозон қайнатиш осон кечмаган, — дейди 70 ёшли отахон Дусбай Картпанбетов. —Яратганга шукр, энди тутун ҳидидан бўғилмаяпмиз. Барака топгур газчилар баллонларни ўз вақтида кечиктирмасдан олиб келяпти.
Дарҳақиқат, аввалари аҳолидан маиший газ баллонлари йиғиб олиниб, маълум вақт оралиғидагина тўлдириб берилар эди. Эндиликда газ идорасининг захира газ баллонлари тўлдирилган ҳолда олиб келиниб, аҳолининг тугаган газ баллонлари пешма-пеш алмаштириб берилмоқда. Бу билан халқимизга катта қулайлик яратилди.
Вилоятнинг Туркманистонга туташ Олот туманидаги 33 та маҳалла ҳам суюлтирилган газ билан таъминланган. Уларга ҳам бошқа истеъмолчилар қатори ўз вақтида газ баллонлари етказиб берилмоқда.
— Маҳалламиз аҳолиси 2018 йилдан бошлаб газ баллони билан тўлиқ таъминланяпти. Бу борада муаммо йўқ. Қандайдир носозлик бўлса, дарҳол 104 рақами орқали мурожаат қиламиз, тезда келиб тузатиб кетишади. Умуман, бу борада ижобий ўзгаришлар турмуш шароитимизда кўриниб турибди , — дейди Човдур маҳалласи фаоли Олим Худойбердиев.
Албатта, мақолани ўқиган кишида тизимда муаммолар йўқми, деган савол туғилиши табиий. Бор, аммо оз фурсат ичида мавжуд муаммолар бартараф этилиб, кенг кўламли ислоҳотлар натижаси бўй кўрсата бошлади. Бу эса одамларда эртага бугунгидан ҳам яхши яшашига умид уйғотмоқда.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири,
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали матбуот котиби