Дастлаб марказ ходимлари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига яратилган шароит ва қулайликлар ҳақида маълумот берилди.

Сўнгра чустликларга сайёр хизмат ва сайёр қабул тадбирлари ташкил этилди. Шу куни давлат хизматлари ва ФҲДЁ соҳасига доир 100 га яқин мурожаатлар қабул қилинган бўлса, «Ўзимиз келдик» акцияси доирасида 30 нафар фуқарога сайёр хизмат кўрсатилди. Жумладан, чустлик Ойнура Салоҳиддинова кадастр паспортини шакллантиришда муаммоларга учраган, унинг мурожаатини туман давлат хизматлари маркази ходимлари ижобий ҳал этадиган бўлишди. Қолаверса, 5 нафар фуқаронинг муддати кечиккан туғилганлик гувоҳномалари расмийлаштириб берилди.

Сайлда фуқароларнинг ҳуқуқий билимлари ҳам синалди. «Сиз давлат хизматлари ҳақида нималарни биласиз?» викторинасида давлат хизматлари соҳасига доир савол-жавоблар уюштирилиб, тўғри жавоб қайтарган иштирокчиларга Давлат хизматлари агентлиги логотипи туширилган эсдалик совғалари топширилди.
Оммавий сайлда қатнашган фуқароларни қизиқтирган танлов «Давлат хизматлари мен учун» расмлар кўриги бўлди. Унда тумандаги ҳаваскор рассомлар ўз тасаввурлари доирасида давлат хизматларини тасвирладилар. Ғолиблар эса томошабинларнинг гулдурос қарсаклари орқали аниқланди. Ўз чизгилари билан давлат хизматларини акс эттирган ёш мўйқалам соҳиблари муносиб тақдирланди. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Чуст туман Халқ қабулхонаси, Бош вазирнинг Тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, туман адлия бўлими, нотариус, «Мадад» ННТ, туман тижорат банклари, кадастр, солиқ инспекцияси ва яна бир қатор соҳа мутасаддилари томонидан ҳудуд аҳолисини қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида сайёр қабуллар йўлга қўйилди. «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтарига» киритилган фуқаролар масалалари ўрганилди.

Шунингдек, Чуст туманидаги дўппи ва пичоқлик соҳасида фаолият олиб бораётган ҳунармандлар ҳам ўз кўргазмалари билан иштирок этдилар, маҳсулотлари сотувини амалга оширдилар. Туман аҳолисининг маънавий-маданий дам олишига кўмаклашиш мақсадида маданият бўлими ёш хонандалари ижросидаги концерт дастури йиғилганларга кўтаринкилик улашишди.

Сайлнинг яна бир эсда қоладиган жиҳати, туман марказидан анча узоқда жойлашган «Баймоқ» маҳалласида очилган «Чуст Мақсудбек текстиль» корхонасида фаолият юритаётган ходимларга сайёр хизмат кўрсатилгани бўлди. Яқинда ишга тушган корпоратив корхонада ҳозирда 130 нафар «Аёллар дафтари»га ёзилган тумандаги хотин-қизлар меҳнат билан таъминланди. Уларнинг вақти ва ортиқча сарф харажатини тежаш мақсадида корхонага борган ҳолда сайёр хизмат кўрсатилди. Шу куни корхонадаги ходимларнинг 30 нафари давлат хизматларидан фойдаланди.

Бир сўз айтганда, оммавийлик касб этган Давлат хизматлари агентлиги сайлида 200 нафардан зиёд фуқаро муаммолари ўрганилган бўлса, «Ўзимиз келдик» акцияси доирасида 100 дан ортиқ фуқарога сайёр давлат хизматлари ҳозирланди. Кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларига давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармасининг совғалари топширилди.

Фозилжон ЖЎРАБОЕВ,
ДХА вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари.