Унинг таъкидлашича, мазкур тадбир Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва у билан боғлиқ жиноятчиликка қарши курашишда долзарб аҳамиятга эга.

Форум турли давлатлардан ташриф буюрган расмийлар ва экспертлар учун мазкур муаммоларни муҳокама қилиш, тажриба алмашиш ҳамда самарали ечимлар ишлаб чиқиш имконини берган муҳим мулоқот майдони бўлди.

Шунингдек, тадбирнинг юқори даражада ташкил этилгани, жумладан Саида Мирзиёева иштирок этгани Ўзбекистонда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилаётганини намоён этди.

Фарид Дамирли таъкидлаганидек, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар нафақат алоҳида давлат, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун умумий таҳдид ҳисобланади. Шу боис, унга қарши курашишда халқаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Бу борада Жаҳон божхона ташкилоти ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти каби нуфузли тузилмаларнинг иштироки муаммонинг кўп қиррали эканини кўрсатади. Бу эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш, жамоат саломатлиги ва халқаро ҳамкорликни уйғунлаштирган комплекс ёндашувни талаб этади.

Форум якунида қабул қилиниши кутилаётган Самарқанд декларацияси ҳамда амалий ҳаракатлар режаси аниқ ва барқарор натижаларга эришишга хизмат қилиши кутилмоқда. Ушбу ташаббуслар, аввало, ёшлар учун хавфсиз муҳит яратиш ва гиёҳвандлик ҳамда у билан боғлиқ жиноятлардан ҳоли жамият барпо этишга қаратилган.