Учрашув давомида АКТ вазири томонидан Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотлар, хусусан, таълим, АКТ соҳасида қилинган ва қилиниши керак бўлган ишлар хусусида маълумотлар берилди.
Uzbekcoders.uz платформасида БАА билан ҳамкорликда амалга оширилган «Бир миллион дастурчи» қўшма лойиҳасининг мантиқий давоми сифатида энди ҳақиқий мутахассис бўлиб ўқишни давом эттирмоқчи бўлганларга «Coursera» билан халқаро даражада ўқитиб сертификациялаш имкониятларини кенгайтириш бўйича лойиҳани амалга оширишга келишиб олинди.
Ушбу курсларни битирган ва сертификатни қўлга киритган ёшларнинг IT компанияларда юқори даромадли ишларга қабул қилинишларига ёки фриланс орқали буюртмалар олишларига кенгроқ йўл очилади.
IT соҳасидаги мутахассисларга дунёда талаб ортиб бораётгани сабабли ушбу соҳада ёшлар қунт билан ўқиб, яхши мутахассис бўлса, улар бемалол ўз юртида яшаб, иқтисодий ривожланган давлатларга хизматларини экспорт қилиб, юқори даромад топа олади, кейинчалик эса ўз стартапини ривожлантириши ҳам мумкин бўлади.
Учрашув давомида компания вакиллари билан платформа орқали BPO хизматлари учун ҳам курслар ташкил этиш ва улардан фойдаланиш имкониятлари ҳақида ҳам гаплашилди.
Шунингдек, келажакда иккала томон учун ҳам манфаатли бўладиган ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.