Тошкент шаҳридаги “City Palace” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ҳамкорлигида “Covid-19 пандемиясининг мигрантлар ҳаракати ва ҳимоясига таъсири” мавзусида халқаро семинар ўтказилди. Халқаро семинарда Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Халқаро миграция ташкилотининг Ўзбекистон бўйича координатори, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, вазирлик ҳамда идоралар раҳбар ва масъул ходимлари, Марказий Осиё, Россия Федерацияси, ХМТ вакиллари, махсус экспертлар иштирок этди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Глобал Covid-19 пандемияси мамлакатлар ва инсоният учун жиддий муаммоларни келтириб чиқарди. Пандемия нафақат соғлиқни сақлаш муаммосига айланди, балки давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг барқарорлиги, аҳоли турмуш фаровонлигига салбий таъсир кўрсатди. Пандемия дунёнинг деярли барча мамлакатлари аҳолиси иш жойи ва иш ҳақининг сақланиб қолишига сезиларли таъсир кўрсатди. Кўп сонли компания ва ташкилотлар ўз фаолиятини қисқартириш ёки ишлаб чиқариш ва хизматлар ҳажмини камайтиришга, қайта режалаштиришга мажбур бўлди. Кўплаб давлатларда иш ўринларининг йўқолиши, махсус карантин чоралари, давлат чегараларининг ёпилиши ва ҳаракатланишнинг чекланганлиги меҳнат мигрантлар учун янги муаммоларни келтириб чиқарди. Муҳтож мигрантлар сонини аниқлаш масаласи давлат органлари, соҳа мутахассислари ва халқаро ташкилотларнинг кун тартибида бўлди.
Халқаро ташкилотлар, масалан БМТ, ЖССТ маълумотларига кўра, карантин чоралари шароитида корхоналар ишининг тўхтатилиши дунёда иш билан банд бўлган аҳоли умумий сонининг 81 фоизига таъсир кўрсатди. Марказий Осиё давлатлари ўз фуқароларини чет элда қўллаб-қувватлаш учун бир қатор тадбирларни амалга оширди. Бундай шароитда аҳоли, айниқса, хорижда меҳнат миграциясида бўлган фуқароларни иш билан таъминлашга қаратилган амалий чораларни ишлаб чиқиш Ўзбекистон учун жиддий муаммо бўлиб қолди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда миграцияни бошқариш ва меҳнат мигрантларини ҳимоя қилиш соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркия, Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари билан меҳнат миграцияси бўйича ҳукуматлараро шартномалар тузилди. Чет элда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун алоҳида жамғарма ташкил этилди. Мақсадли дастурларни шакллантириш ва уларни муваффақиятли амалга ошириш учун маълумотлар билан ишлаш муҳим аҳамиятга эга. Ҳаракатларни рўйхатдан ўтказиш тизими ХМТ томонидан айнан шу мақсадлар учун ишлаб чиқилган бўлиб, мутахассислар учун мигрантларнинг ҳаракатларини қайд этиш ва миграция оқимларини ўзгартириш бўйича самарали восита ҳисобланади.
БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил 10-11 декабрь кунлари Марокашда бўлиб ўтган йиғилишида халқаро миграция соҳасида барча жабҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида «Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартнома» қабул қилинган. Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграцияга эришиш учун мазкур Шартнома 23 та мақсадни ўз ичига олади. Биринчи мақсад – эмпирик асосланган сиёсатни ишлаб чиқиш учун асос сифатида аниқ ва батафсил маълумотларни йиғиш ва улардан фойдаланишдан иборат.
Шу муносабат билан семинарнинг асосий мақсади пандемия шароитида жинс, ёш, миграцион ҳолат ва бошқа миллий параметрлар бўйича аниқ, ишончли ва таққосланган маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва тарқатиш жараёнларини такомиллаштиришга кўмаклашишдир. Шунингдек, семинарда тегишли давлат идоралари томонидан ушбу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот тақдим этиш, тажриба алмашиш ва фикр алмашиш учун платформа яратилади.