Ўзбекистон ажойиб юрт-да. Қуёшининг нури ўзгача, шу боисми, меваларининг тоти бўлак. Сувининг таъмига етадиган сув таъмини топиш ҳам мушкул. Энг муҳими, ватанимизнинг шу бетакрорликларини инжа ҳислар билан қаламидан кўнглидек оқ қоғозга тўкиб сола оладиган шоиру ёзувчиларимиз ҳам бисёр. Уларнинг таниқлилари қанча бўлса, эл орасида юриб, халқчил сатрлари, юракка яқин асарлари билан билан одамларнинг кўнглини олай, деб камтарлик билан қалам тебратишдан толмаётганлари ҳам шунча. Қашқадарёлик Жумақул Қурбонов ҳам шундай камтарин ижодкорлар сирасидан. Ваҳоланки у ўзининг қатор ҳикоя ва қиссалари, “Сардоба” номли йирик романи билан мутахассислар эътиборига ҳам тушган. Унинг тақлидчиликдан қочиши, самимияти, табиийлиги асарларида шундоққина намоён бўлиб туради. Муаллифнинг биргина “Юракдаги чўғ”, “Тоғлар кўз ёшларга ишонади” қиссаларини ўқиган китобхон дарҳол унинг ўзига хос услубини пайқай олади.

Ёзувчининг 2020 йил “Qaqnus-media” нашриёти томонидан нашрга тайёрланган “Дард” деб номланган тўпламидан ана шу қиссалар ҳам ўрин олган. Назаримизда китобнинг бундай номланиши “Дард” ҳикоясининг устоз адиблар эътиборини ҳам торта олгани билан боғлиқ бўлса ажабмас. Зеро, ҳикоя даврий нашрларда эълон қилинган пайтларда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов уни алоҳида эътироф этиб, “Дард”нинг ҳаётий ва мангу оғриқ эканини айтган эди.

Китобга киритилган ҳар бир асар ана шундай ҳаётийлиги, юрагингизни бир “жиз” эттира олиши билан кўнглингизга жуда яқин келади. “Райҳон ҳиди”, “Икки ўрим соч”, “Мувозанат”, “Вафодор” каби қатор таъсирчан, жонли ҳикоялар асарнинг ўзига хослигини таъминлашга хизмат қилган.

Бундан ташқари, тўпламдаги “Адабий ўйлар” рукнида таълим-тарбияга доир қатор адабий мулоҳазаларни ҳам ўқишингиз мумкин. “Бир таъманинг 1001 касри”, “Билимга мактаб жавобгар, тарбияга-чи?”, “Етти ўлчамай чиқарилган қарорлар” каби мақолаларда ёзувчи ўқитувчи шахси, мактабдаги таълим-тарбия муаммолари хусусида куюниб гапиради. Уларнинг ҳар бири айни бугуннинг гапи, бугуннинг долзарб масалалари билан ҳамоҳангдир.

Қисқача айтганда, Жумақул Қурбонов “Дард” номи билан тақдим этаётган ушбу тўплам ўзининг ранг-баранглиги билан эътиборга лойиқ. Китоб жавонимизни ҳам сон ҳам сифат жиҳатидан бойитгувчи ушбу китоб билан барча китобхонларимизни табриклаймиз!