Бу борада, айниқса, коронавирус пандемиясининг Ўзбекистон ҳамда дунёда тарқалиши натижасида юзага келган инқироз шароитида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари ҳар ой вилоят ва туман миқёсида тадбиркорлик фаолияти ҳолати бўйича ойлик мониторинг ўтказяпти.
Мониторинг натижаларига кўра, шу йилнинг 1 февралидан 28 февралигача бўлган даврда солиқ тушумлари ҳажми жорий йилнинг шу даврига нисбатан 8,2 фоиз ўсган.
Шу билан бирга, солиқ тушумларининг сезиларли даражада ўсиши Қашқадарё (38,3 фоиз), Aндижон (32,4 фоиз), Бухоро (17,6 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (9 фоиз) кузатилди.
Солиқ тушумларининг ўсиши пандемиядан кейин ишбилармонлик фаолияти тикланганидан, аҳоли ва бизнесга солиқ юкини оширмасдан солиқ йиғими кўпайганидан далолат беради.
Пандемия тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига салбий таъсир кўрсатди. Хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат томонидан кўрилган чора-тадбирлар давлат бюджети даромадларини таъминлаш билан боғлиқ ноқулай вазиятнинг олдини олишга ёрдам берди.
Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловларидан тушумлар жорий йилнинг шу даврига нисбатан 3,7 фоиз ошди.
Божхона тушумларининг Ўзбекистон бўйлаб энг юқори ўсиш кўрсаткичи Сурхондарё (83,2 фоиз), Хоразм (47,1 фоиз) ва Фарғона (19,2 фоиз) вилоятларида қайд этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг деярли барча давлати билан савдо алоқаларини тиклади. Ташқи савдо айланмасининг энг кўп ҳажми Хитой, Россия ва Қозоғистон билан боғлиқ экани қайд этилди. Ўз навбатида, ташқи савдонинг ўсиши ва аҳоли ички талабининг ошиши божхона тушумларини кўпайтиришга имкон берди.
Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён товарларни экспорт қилиш ҳажми 11,3 фоиз ўсди. Товарлар экспорти ҳажмининг ўсиши Бухоро (71,2 фоиз), Сурхондарё (39 фоиз), Навоий (34,9 фоиз), Хоразм (28,1 фоиз) вилоятларига тўғри келди.
Ўзбекистон экспортининг анъанавий маҳсулотларига ташқи талабнинг ошиши товарлар экспортининг босқичма-босқич ўсишига олиб келди. Бу эса пандемиянинг ўткир босқичидан кейин жаҳон иқтисодиёти босқичма-босқич барқарорлашаётганидан далолат беради.
Ўтган ой давомида тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми 46,5 фоиз ўсди. Берилган кредитлар ҳажмининг энг катта ўсиши Фарғона (2,3 баробар) Навоий (97,9 фоиз) ва Хоразм (95,8 фоиз) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (2,6 баравар) кузатилмоқда.
Ўзбекистонда кредит бериш ҳажмининг ўсиши республика ва ҳудудларда бизнес тузилмалари фаоллиги ошганини кўрсатади.
Ушбу даврда республикада 9508 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Уларнинг энг кўпи Қашқадарё (1030), Самарқанд (888), Тошкент (768) вилоятларида ва Тошкент (1558) шаҳрида рўйхатдан ўтган.
Таҳлил қилинаётган даврда Республика товар-хомашё биржасидаги битимлар ҳажми 15,2 фоиз ўсди.
Ушбу даврда республиканинг барча ҳудудида биржа фаоллиги ошиши қайд этилди. Жумладан, Қашқадарё (49,9 фоиз), Наманган (48,2 фоиз), Сурхондарё (44,6 фоиз) ва Тошкент (36,5 фоиз) вилоятларида сезиларли ўсиш кузатилмоқда.
Ушбу ҳудудларда битимлар ҳажмининг ошиши пахта толаси, бензин, чигит, дизел ёнилғиси, қурилиш материаллари, цемент маҳсулотлари, шакар, ўсимлик мойи ва полиэтилен каби товарларни сотиш билан боғлиқ.
Карантин чекловлари бекор қилингандан сўнг Ўзбекистонда иқтисодий фаолиятнинг босқичма-босқич тикланиши кузатилди. Бу, биринчи навбатда, ҳукумат томонидан инқирознинг кескин даврида иқтисодиётнинг барча соҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар билан боғлиқ. Бу иқтисодий ўсишнинг ижобий суръатларини сақлаб қолиш ва мамлакатда ишбилармон доираларнинг ижобий динамикасини таъминлаш имконини берди.
Бизнеснинг жорий харажатларини максимал даражада камайтиришга қаратилган бизнес ва аҳолини қўллаб-қувватлаш дастурларига солиқлар, мол-мулк ижараси, кредитларни тўлаш бўйича муҳлат берилди. Текширувларга мораторий жорий этилди. Имтиёзли кредитлар тақдим этилди. Дастурларни амалга ошириш, энг кўп зарар кўрган тармоқларни, шу жумладан, туризмни қўллаб-қувватлашга киришилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази