Бағдодликлар кўз ўнгида, дашт деганда туман марказидан жануби ғарб томонга 12-13 километр йўл босгандан кейин бошланадиган, асрлар давомида қуриб-қақшаб ётган сувга ташна ерлар гавдаланарди. Бу ерлар тош ва шағалдан иборат бўлгани учун экин-тикин қилиш тугул оддий гиёҳнинг ҳам ўсиши мушкул эди.

Бу фикрларни ўтган замон феълида тилга олаётганимизнинг боиси бор. Негаки, ана шу дашт ҳудуди айни кезда таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Бор-йўғи бир йилда бу ерда янги замонавий шаҳарча қад ростлади, уй-жойлар қурилиши ва яратилган инфратузилма бўйича “Бағдод тажрибаси” сифатида бутун мамлакатга намуна бўлди.

Аслида Гулистон шаҳарчасининг бунёд этилишига давлатимиз раҳбарининг шу йил февраль ойи бошида Фарғона вилоятига ташрифи чоғида берган топшириқлари таъмал тоши вазифасини ўтади, бунёдкорликка шиддат ва кенг қанот бахш этди. Орадан бир ярим ой ўтиб, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида уй-жой қурилиши бўйича “Бағдод тажрибаси”ни ўрганиш юзасидан барча туман ҳокимларига тавсия берилди.

 — “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат уларнинг йўли ёки қиёфаси яхшиланиши, балки у ерда яшовчи аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий объектлар тўлиқ ишлаши керак. Энг асосийси, ҳақиқий обод маҳаллада “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим. Бунинг учун, тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, янги иш ўринлари яратиш зарур. Сарфланган ҳар бир сўм инвестиция одамларимизга уч баравар кўп фойда келтириши, уларнинг даромадини оширишга хизмат қилиши керак, — деган эди Президентимиз.

Замонга хос шиддат ва самарали ечимлар

Ўтаётган ҳар бир давр тарих саҳифаларига муҳрланиб боради. Олисга бормай, 2000 йилдаги маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, туманда 140 мингдан ортиқ аҳоли яшаган. Айни пайтда эса, 218 минг киши умргузоронлик қиляпти. Кейинги йилларга келиб, аҳолини, айниқса, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш энг долзарб масалага айланди.

— Ўтган 85 йил мобайнида Бағдодда бор-йўғи 53 та кўп қаватли 786 та хонадонли уй қурилган, холос, — дейди туман ҳокими Восилжон Назаров. — Шу рақамнинг ўзи узоқ йиллар давомида тилга олишга арзигулик қурилиш ишлари бўлмаганини кўрсатади. Албатта, бу тез орада ўтмиш хотираларига айланади. Бугун туманимизда аҳолининг  уй-жойга бўлган талаби инобатга олиниб, истиқболли дастурлар ишлаб чиқилган, уларни  ҳаётга татбиқ этиш  ишлари қизғин кетяпти. Бу уйларнинг сифати, нархи арзон бўлиши ҳисобга олинган ҳолда, қурилиш маданиятига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти Шу боис шаҳарча ва унинг атрофидаги объектлар режасини тузишда истиқболда аҳолининг ўсиши, унинг инфратузилмаси ва ишлаб чиқаришнинг кенгайиши каби жиҳатлар ҳам назарда тутилган.

Ўтган йил кузида мазкур шаҳарчани барпо этиш учун “Мурувват” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 21,2 гектар ер майдони ажратилди, бунёдкорлик режаларини амалга ошириш давомида 21 та қурилиш ташкилотини жал этишга тўғри келди.

Орадан кўп ўтмай 57 та бир подъезли 20 хонадондан иборат 5 қаватли, 4 та 3 подездли ва  жами 61 та энергия тежамкор уйни ҳамда 9 та инфратузилма объектини барпо этишга киришилди.

Ўзига хос меъморий қийфага эга шаҳарча лойиҳаси мамлакатимизда камёб саналади. Аҳоли учун яратилаётган шарт-шароит, зарур инфратузилма, ижтимоий иншоотларнинг мажмуа ҳолда бунёд этилиши  унинг ҳақиқатан ҳам намунали лойиҳа асосида қад ростлаганини намоён этади.

Туман марказидан  анча олисда, инфратузилма тармоқлари йўқ ҳудудда  мана шундай кўркам ва замонавий шаҳарча бунёд этилади деса кимдир ишонди, кимдир эса ишонмади. Эндликда ана шу шубҳа, гумонлар ортда қолди. “Даштда солинган уй уй бўладими?, ”Янги шаҳар қуриш озмунча маблағ талаб қиладими?” дея ишончсизлик билдирганларнинг юзи қизарди.

Айни кунда Гулистонда 1252 хонадонга мўлжалланган 61 та тўрт ва беш қаватли уйлар қурилиши якунига етказиляпти. Ҳозирги кунга қадар мингга яқин хонадонлар учун бошланғич тўлов амалга оширилиб, ватан ичра ватанли бўлган янги уй соҳиблари энг замонавий шарт-шароитлар муҳайё қвлинган масканларга кўчиб келишди.

— Олиб борилаётган қурилиш кўламлари ижтимоий объектларни барпо этиш лойиҳаларига ҳамоҳанг тарзда олиб борилди, — дейди Бағдод тумани ҳокими биринчи ўринбосари Сардор Қорабоев. — 2021 йилга ижтимоий ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантириш дастури доирасида 9,1 миллиард сўм ҳисобига 120 ўринли 56-умумтаълим мактабига қўшимча янги 420 ўринли ўқув биноси, вилоят маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 13,7 миллиард сўмга 350 ўринли маданият уйи барпо этилди. Туман маҳаллий бюджет маблағидан 674 миллион сўм маҳалла биноси, истироҳат боғини барпо этишга йўлланди.

Шунингдек, тадбиркорлар томонидан оилавий поликилиника, 6 та икки қаватли савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси, сунъий қопламали спорт майдончаси, кўнгилочар объектлар, болалар майдончалари ҳамда коворкинг марказини қуриш ишлари ниҳоясига етказилди.

150 ўринли болалар боғчасига кирсангиз, ўзингизни худди эртаклар оламига кириб қолгандай ҳис қиласиз. Бу ерда кичкинтойларнинг соғлом ва ақлли бўлб камол топишлари учун барча шароитлар муҳайё этилган. Энг муҳими, хоналарни жиҳозлаш, уларни безашдан тортиб, дам олиш ва спорт билан шуғулланиш залларидаги деворларидаги қувноқ тасвирларда ҳам айрича меҳр жилоланиб туради. Бу каби ишларни бажаришга 5,6 миллиард сўм сарфланаётгани ҳам бежиз эмас.

Инфратузилма объектларини қуриш ва ободонлаштириш ишлари шу билан якун топмайди. Шаҳарчага 3,6 километр табиий газ, 6 километр электр, 2,5 километр ичимлик сув тармоқлари тортилди. 10 та трансформатор ўрнатилди, 2 дона тик қудуқ қазилди,   резервуар, сув тозалаш иншооти, 2 километрдан ортиқ янги йўл барпо этилди.

Ҳозирги пайтда аҳоли кўчиб кирган уйлар атрофи ҳам замонавий манзара касб этган. Йўллар ва унга  туташ йўлаклар бўйларига экилган дарахтлар илдиз отаётган бўлса,  яшил “майдонча”лар унга янада шукуҳ бахш этган. Болалар майдончаларида яйраб ўйнаётган жажжиларни, скамейкаларда ҳордиқ олаётган уй соҳибларини кўриб, дилингиз қувнайди.  

Файзли уйлар — янги орзуларга қанот

Шу йилнинг 28 сентябрь куни  Президентимиз Гулистон шаҳарчасига ташриф буюриб, бунёдкорлик ишлари билан танишди. Ҳудудларнинг шундай ривожланаётгани, одамлар уйли, ишли бўлаётганини кўриш мамнунлик бағишлашини билдирди. Давлатимиз раҳбари шу ерда маҳалла фаоллари, бағдодлик нуронийлар билан суҳбатлашди. Янги уйлардан бирига кўчиб келган Абдуқаҳҳор ота ва Ойзода ая хонадонида бўлди. Улар тўрт фарзандни тарбиялаб, вояга етказган. Кўпни кўрган бу инсонлар билан ёшлар тарбияси, бугунги таълим ва тадбиркорлик имкониятлари, тинчлик ва шукроналикнинг аҳамияти ҳақида самимий суҳбатлашди.

 Абдуқаҳҳор ота олий маълумотли агронам. Узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳада ишлаб  нафқага  чиқди.  Ойзода ая  мактабгача таълим ташкилотларида самарли меҳнат қилган. Чуваланчи қишлоғида бу оилани ҳамма хурмат қилади. Яқинда оилавий жамғарма ҳисобидан  Хитой қишлоғида  кўприк қуриб берилди. Маҳалладаги ички йўлларни шағаллаштириш, қабристонни ободонлаштириш ишларида бош-қош бўлмоқда. Кам таъминланган,  ижтимоий  ёрдамга муҳтож оилалар тез-тез йўқлаб туришади.

— Қишлоғимиз бироз заккаш, айниқса куз-қиш ойларида об-ҳаво ўз таъсирини кўрсатади. Оёқ, бел оғриқларим зўраяди. Электр  таъминотида узулишлар  кексайган кишига  бироз қийинчилик  туғдиради, —  дейди  Абдуқаҳҳор ота. —  Яшаш жойимизда бироз узоқ бўлсада қурилаётган  янги уй жойлар ҳақида эшитиб кўргани бордим. Лойиҳачиларга баракалла.Энг аввало  ҳаёт учун муҳим бўлган сув муаммосига  ечим топишиб, янги сув қудуқлари, ариқлар қазилганлигини кўриб шу ерга яшаш истаги туғилди. Уйдагилар билан мслаҳатлашиб чол-кампир  учун икки хонали уй-жой олдик. Бошланғич 15 фоиз бадалини тўлаб,  янги уйга кўчиб ўтганимизга ҳам уч ойдан ошди. Бу ердаги шароитни асти қўяверинг. Табий газ, иссиқ ва совуқ сув  кенг ва ёруғ хоналарда яшаш шашти бўлакча бўларкан. Бел оғриғи ҳам безовта қилмай қўйди.

 Президентимиз билан кечган учрашув, суҳбат бир умр ёдимда қолди. Юртбошимизнинг дунёдаги ҳар қандай муаммо ва масалалар ечими салоҳиятли  илимли ва билимли ёшларга боғлиқлиги, жойларда Президент мактаблари  фаолияти хусусида айтган фикларидан ғурурландим. Икки набирам Фарғонада янги қурилган, яқин кунларда фойдалнишга топшириладиган Президенти мактабига бўлиб ўтган синв имтихонларида иштирок этишди. Насиб қилса, улар хам ан ашу нуфузли мактабда таҳсил олишади. Бу ҳар қандай ота-она, бобова буви учун катта бахт.

Беш минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилиши кўзда тутилаётган янги шаҳарчада кўп қаватли уйлар, биринчи навбатда, унга муҳтож оилаларга ажратилди, субсидиялар берилди, шунингдек, имтиёзли кредитлар бериш орқали уларнинг мушкули осон бўляпти

— Рости, шунақа замонавий уйда яшашни хаёлимизга ҳам келтирмагандик, — дейди Ферузахон Сотимова. — Ёлғиз она сифатида уй-жой масаласида халқ қабулхонасига мурожаат қилгандим. Икки хонали шинам уйнинг бошланғич тўловини тўлаб беришди. Ўзим ободонлаштириш корхонасида ишлайман. Қизимни ҳам мактаб-интернатга ишга олишди. Ҳозир ҳар ой банкка тўлов қилиб боряпман. Президентимиз, ҳукуматимиз ва раҳбарларимизни дуо қилиб яшаяпмиз.

Ултарма МФЙда истиқомат қилувчи  Нўъмонжон Мадалиев ва Юлдузхон Остонақулова ҳам яқинда қуриб битказилган янги уйга кўчиб ўтишди. Ёш оила бекаси оилавий поликлиникага ҳамишира сифатида ишга жойлашаётган бўлса, Нўъмонжон савдо дўкони фаолиятини йўлга қўйди.

— Катта оилага келин бўлиб тушганман, икки овсин билан бирга яшардик, — дейди Юлдузхон. — Янги уйга кўчиб келдик. Бу ердаги қулай шароитларга кўпнинг ҳаваси келади.  Кичик овсиним хам шу ердан уй олиш тараддудида юрибди.

Умида Мирзааҳмедова тумандаги 5-мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи. Унинг қувончига ҳамкасблари ҳам шерик  бўлмоқда.

—Икки хонали янги уйнинг кредит тўлови учун биринчи йилга ойига 640 минг сўм, дастлабки уч йиллик имтиёзли давр учун 1 миллион сўм белгилангани, уйнинг қолган пули 20 йил давомида тўланиши бизга жуда ҳам манзур бўлди, —дея суҳбатга қўшилди Умида. — Бугун опа-сингилларим, ҳамкасбларимни меҳмонга чақирган эдим. Янги уйимиз уларга жуда ҳам ёқди. Баъзилари оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, шу уйлардан сотиб олишни ният қилишяпти.

Ана шундай имтиёз ва рағбатлар Президентимиз томонидан ипотека кредитлари асосида уй-жой қурилиши тизимини такомиллаштириш, тадбиркорларга имтиёзлар бериш ва рағбатлантириш, аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қуватлашга қаратилган ҳужжатлар ҳаётда нечоғлик амалий  ифодасини топаётганини, минг-минглаб оилаларга ўз уйига эга бўлишлари учун шароит яратаётганлигини яққол намоён этади.

Ҳам иш, ҳам даромад манбаи

Маҳаллада уй-жой билан таъминланган аҳолини иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш масаласи ҳам ўз ечимини топиб боряпти. Кўп қаватли уйлар массивига ёндош ҳудудда фойдаланишдан чиққан ер майдонларини қайта ўзлаштириш ҳисобига лимончиликка ихтисослашган иссиқхоналар ташкил этиш учун 104 гектар ер ажратилди. Айни пайтда  1000 та 10 сотихли иссиқхоналар қурилиши бошланган бўлиб, улардан 310 гаси тўлиқ қуриб битказилди ва 250 дан ортиғида лимон етиштириш ишлари бошлаб юборилди.

Айтиш жоиз, бу иссиқхоналар ўз эгаларига қурилиш ташкилотлари томонидан лимон кўчатлари экилиб, томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилган ҳолда топшириляпти. Ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг ўртача нархи 88 миллион сўмни ташкил этади. Банк кредитлари 7 йилга бошланғич тўловсиз 3 йиллик имтиёзли давр билан ажратилмоқда. Бундан ташқари, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2 сотихлик 20 та иссиқхона 20 нафар ишсиз, “Темир дафтар”, “Aёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга берилган.

Маълумки, Президентимиз янги шаҳарчага ташрифи давомида иссиқхонада ҳам бўлди. Бу ерда “Ёшлар дафтари”га кирган йигит-қизлар, “Аёллар дафтари”да турганлар иш билан таъминланган. Давлатимиз раҳбари уларнинг деҳқончилиги, даромади, режалари билан қизиқиб, ҳеч қачон изланишдан, ўрганишдан тўхтамасликни, ёшларнинг билим олиши учун Фарғонада қўшимча имкониятлар яратилишини таъкидлади. Уларнинг деҳқончилиги, даромади, орзу-режалари билан қизиқди. Учрашувда ёшлар иссиқхонада асосан лимончилик билан шуғулланаётгани, қатор ораларига бодринг, помидор, қалампир, сабзавотлар экиб, даромад олаётгани, бунинг самарасида оиласи “Ёшлар дафтари”дан чиққани ҳақида сўзлаб беришди.

Чекмирзаобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган Отабек Мамадалиев интилувчан ёшлардан.  Ишсизлиги боис “Ёшлар дафтари”га киритилганди. Унга  ҳам имтиёзли кредит ҳисобига иссиқхона қуриб берилди. Унда 95 туп лимон кўчат парваришлаяпти.

— Кўчатлар катта бўлгунча экинлар оралиғида  сабзавот етиштиряпмиз, —дейди  ёш деҳқон. — Бу ерга келиб янги ҳаёт сари қадам ташладим десам муболға бўлмайди. Президентимимз билан учрашувда деҳқончиликдан ташқари, билим олишга бўлган қизиқишимни билдирдим. Юртбошимиз раҳнамолигида  Ўзбекистон- Корея халқаро университети талабаси бўлдим.

Зулхумор Мамажонованинг турмуши бузилди.  Бир қизини еткалаб ота уйга қайтди. Тирикчилик  учун ўзга юртларда иш изласада, бири икки бўлмади. Ишсизлиги боис “Аёллар дафтари”га  киритилди. Янги шаҳарча  ҳудудида ташкил этилган иссиқхонадан 10 сотих ер майдони ажратиб берилди. Бугун ана шу иссиқхонада меҳнат қилиб даромад топяпти, рўзғор тебратяпти. 

—Президентмизнинг иссиқхонага кириб келишини сира кутмаган эдим, —  дейди Зулхумор севинч кўз ёшларини артиб. — Оддий, самимийлик билан   бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг менинг оилавий шароитим ҳисобга олиниб, дастлабки тўловларсиз икки хонали уй берилди. Аввалига ишонмадим, лекин ҳаммаси кўз ўнгимда рўй берди. Бу учрашув менинг ҳаётимда янги орзуларимнинг амалга ошишига катта ишонч уйғотди.

Кичик саноат ҳудудлари

Кичик саноат зоналари жаҳон тажрибасида ҳам  ўзини оқлаб келяпти. Бундай ҳудудлар аввало, саноат ишлаб чиқаришини жадаллаштиради, ҳудудларнинг ишбилармонлик учун инвестициявий жозибадорлигини оширади, янги технологияларни жалб қилишга, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга кенг имкониятлар очади.

Хусусан, Фарғона вилоятида умумий ер майдони 700 гектарга яқин ҳамда 174 минг квадрат метрдан зиёд бино ва иншоотларга эга бўлган 89 та кичик саноат ҳудуди мавжуд. Шулардан 23 тасида “Ёшлар” кичик саноат зоналари ташкил этилган ҳамда уларга 540 дан ортиқ лойиҳалар саралаб олинган.

Ана шундай иккита кичик саноат зоналаридан бирининг фаолияти Бағдод туманининг янги қурилган шаҳарчасига туташ ҳудудда йўлга қўйилмоқда.

— Ҳозирги кунда “Мурувват” ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси” ҳудудидаги 4,1 гектар майдонда 23 та лойиҳа жойлаштирилган, — дейди Сардор Қорабоев. —  Улар қиймати 28,7 миллиард сўмни ташкил этади. Тадбиркорлик субъектлари учун ажратилган ер майдонларида қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш билан бир қаторда ишлаб чиқариш жараёнлари ҳам бошлаб юборилган. Улар тўлиқ ишга тушгач, 825 нафар йигит-қиз иш билан таъминланади.

Эътиборли жиҳати, мазкур ёшлар кичик саноат зонаси минглаб иқтидорли, изланувчан ёшларнинг севимли масканига, яқиндагина режа бўлган лойиҳаларнин амалга оширувчи инновацион масканга айланиб боряпти.  

— Бу ерда мебель ишлаб чиқариш тармоғини ташкил қилдик, — дейди  “Аброр” хусусий корхонаси  ёш раҳбари  Акмалжон Деҳқонов. — Умумий қиймати 4 миллиард сўм инвестиция жалб этиб, замонавий ишлаб чиқариш жиҳозларини Австриядан олиб келдик. Корхонамизда 60 нафар маҳаллий ёшлар меҳнат қилмоқда.

Кичик саноат зоналарида экспортбоп, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарувчи лойиҳа ташаббускорлари сони ортиб боряпти. Бу бежиз эмас. Чунки кичик саноат зоналарида иш бошлаган, инвестиция жалб этган тадбиркорлик субъектлари ер ва мулк солиғидан озод қилинган. Бундан ташқари, йўл, табиий газ, сув, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида олиб борилаётган ишлар маҳсулот таннархини арзонлаштириш, сифатини ошириш имконини беради. Мисол учун мебелсозликка ихтисослашган кичик саноат зоналари учун наики экспортни йўлга қўйиш учун имтиёзлар, шу жумладан, 2023 йил 1 январга қадар ишлаб чиқаришда зарур бўлган айрим хомашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади. 

Мазкур имкониятлардан Бағдоддаги иккинчи алоҳида имтиёзга эга ҳудуд — 6,4 гектар майдонни эгаллаган “Мурувват” мебелчиликка ихтисослаштирилган кичик саноат зонасидаги тадбиркорлик субъектлари ҳам фойдаланишлари мумкин. Бу ердаги лойиҳаларнинг умумий қиймати 14.5 миллиард сўмни ташкил этиб, шундан 8, 2 миллиард сўми тадбиркорларнинг ўз маблағи, 300 миллион сўм банк кредити ва 600 минг АҚШ доллари хорижий инвестиция ҳисобига тўғри келади. Яқин истиқболда бу субъектларда 580 нафар киши иш билан таъминланиши кўзда тутилган.

Сирасини айтганда, халқимизга хос яратувчанлик салоҳиятини намоён этган ушбу бунёдкорликлар Янги Ўзбекистон солномасида янги саҳифалар очяпти ва “Бағдод тажрибаси” сифатида юртимиз ҳудудларида ҳам шу каби “йўлдош” шаҳарчаларни барпо этишда қўл келяпти.

                                                                        Расулжон КАМОЛОВ,

                                                                        Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

                                                                        “Янги Ўзбекистон” мухбирлари