Тадбирда стратегияни янгилашга асос бўлаётган омиллар, лойиҳага киритилаётган ўзгаришлар ҳамда жамоатчилик муҳокамаси жараёнида келиб тушаётган таклифлар муҳокама қилинди.
Матбуот анжуманида Адлия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва “Тараққиёт стратегияси” маркази масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков матбуот анжуманида сўзга чиқиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштириш ва унда белгиланган вазифаларни янгилаш масалаларига тўхталди.
“ Ўзбекистон – 2030’ стратегиясида белгиланган вазифаларнинг янгиланиши мамлакат тараққиёти ва аҳоли фаровонлигига қаратилган. Лойиҳани муҳокама қилиш жараёнида кенг жамоатчилик иштироки уни янада мукаммаллаштиришга хизмат қилади”, — деди у.
Адлия вазирлиги департаменти директори Элдор Маҳкамов янгиланаётган стратегия лойиҳасида давлат бошқаруви ва давлат хизматлари соҳасида рақамлаштириш орқали самарадорликни оширишга қаратилган вазифалар назарда тутилганини маълум қилди.
Унинг айтишича, давлат бошқаруви ва давлат хизматларини кўрсатиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш доирасида архив материалларининг рақамлаштирилган улушини 80 фоизга етказиш, мавжуд 40 миллион ҳужжатдан 25 миллионини рақамлаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, ҳоким ва уларнинг ўринбосарлари томонидан қабул қилинадиган қарорлар, хулоса, далолатнома ва баённомаларни “E-qaror” электрон тизими орқали ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиётини тўлиқ жорий этиш кўзда тутилган.
Рақамли технологиялар вазирлиги бошқарма бошлиғи Жаҳонгир Шукуров стратегия лойиҳасида рақамли давлат бошқарувини комплекс ривожлантириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда давлат хизматларини ягона рақамли муҳит асосида ташкил этиш масалаларига эътибор қаратди.
Унинг маълум қилишича, мамлакатда рақамли давлат бошқарувини янада ривожлантириш доирасида БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида юқори ўринларни эгаллаш, “Халқ назорати” порталини барча ҳудудларда жорий этиш ва “Рақамли ҳукумат” тизимининг ягона платформасига уланган сервислар сонини ошириш режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги департамент мудири Ғолибжон Абдуазизов давлат бошқаруви тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантиришга қаратилган вазифалар ҳақида маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, ички иш юритуви жараёнларини босқичма-босқич оптималлаштириш, қоғоз сарфини қисқартириш, давлат фуқаролик хизматида малакага асосланган карьера моделини жорий этиш, шунингдек, “Edu.argos.uz” платформаси орқали давлат хизматчиларининг онлайн малака ошириш қамровини кенгайтириш режалаштирилган.
Муҳокамалар давомида стратегия лойиҳасининг мазмун-моҳияти, уни такомиллаштириш йўналишлари ҳамда билдирилаётган таклифлар юзасидан фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида эришилган натижалар ҳамда янги устувор вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётганини таъкидлаган.
Шунингдек, мамлакатнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган мазкур ҳужжатни кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ва аҳоли фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштириш зарурлиги қайд этилган.
Матбуот анжумани давомида иштирокчилар томонидан билдирилган саволлар юзасидан тегишли маълумот ва тушунтиришлар тақдим этилди.
Анжумандаги қизғин муҳокамалар, асосли таҳлиллар ва очиқ мулоқотлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг халқ манфаатларига мос, замонавий ва амалий ҳужжат сифатида такомиллаштирилаётганини яна бир бор намоён этди десак муболаға бўлмайди. Қонун устуворлиги, рақамли давлат бошқаруви ва халқ хизматига йўналтирилган ислоҳотлар мамлакат тараққиётининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олингани ушбу тадбирда яққол ўз ифодасини топди.
Зулхумор Акбарова