Таъкидлаш жоизки, Давлат дастури доирасида жами 170 та, шундан давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича - 20 та, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишида - 13 та, иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишида - 63 та, ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишида - 53 та, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишида 21 та ҳужжат қабул қилинган.

Ҳисобот даврида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилга нисбатан 101,6 фоизни, шундан, саноат - 100,7 фоизни, хизматлар - 102,3 фоизни, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги - 103,0 фоизни ташкил қилган.
Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятининг пандемия шароитида чекланиши жорий йилда савдо айланмасига ҳамда хизматлар соҳасининг ривожланишига салбий таъсир кўрсатган. Жумладан, савдо айланмаси ҳажми 194,8 трлн. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 103,2 фоизга бажарилган.
Жами хизматлар ҳажми 218,9 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 102,3 фоизга ўсган. Молия соҳасида 25,6 фоиз, алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида 115,3 фоиз, таълим соҳасида 7,4 фоиз кўрсатилган хизматларда юқори ўсиш қайд этилган.

Коронавирусга қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштиришга 3 трлн. 962 млрд. сўм, ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиши ва капитал таъмирлашга 3 трлн. 423 млрд. сўм, корхоналарни молиявий кўллаб-қувватлашга 2 трлн. 485 млрд. сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтиришга 1 трлн. 340 млрд. сўм, соғлиқни сақлаш объектларини қуриш ва зарур инфратузилмани яратишга 1 трлн. 22 млрд. сўм, маҳаллий бюджетлар ва пенсия жамғармаси йўқотишларини қоплашга 595 млрд. сўм миқдорида маблағлар сарфланган.

Ҳисобот даврида хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан 9,8 млрд. АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилган.
2020 йилда 197 та йирик лойиҳа ишга туширилган. Натижада жами 38 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.
Шу билан бирга, Давлат дастурининг 58 та банди ижроси юзасидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари масъул идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда, 20 та банд ижро муддати узайтирилган.

Мажлисда сенаторлар томонидан Дастурда белгиланган вазифаларнинг ҳудудлар кесимида ўз вақтида ва сифатли бажарилганлиги бўйича ўрганишлар ўтказиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш лозимлиги таъкидланди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати