Давлат дастури лойиҳаси жами 276 банддан иборат бўлиб, мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида акс этган асосий ғоя ва таклифлар ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифалар асосида ишлаб чиқилган.

Давлат дастури лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишдан асосий мақсад – уни фуқаролар, халқаро экспертлар, тегишли вазирлик ва идора мутахассислари, бизнес доира ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда янада такомиллаштиришдан иборат.

Шу мақсадларда жойларда жамоатчилик вакиллари иштирокида турли давра суҳбатлари, баҳс-мунозаралар, очиқ мулоқотлар ўтказиб борилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 25 январь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кўмагида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури лойиҳасининг олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокидаги муҳокамасига бағишланган онлайн-семинар ўтказилди.

Видеоконференц-алоқа шаклидаги мазкур анжуманда республикамизнинг барча олий таълим муассасаларидан 5000 нафардан ортиқ талабалар ва устозлар иштирок этишди.

Онлайн семинарни “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков кириш сўзи очиб бериб, 2021 йилги давлат дастури лойиҳасининг муҳим жиҳатлари, хусусан, унда белгиланаётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар, дастур лойиҳасини умумхалқ муҳокамасидан ўтказиш жараёнидаги янгиликлар ва маълумотлар ҳақида йиғилганларни батафсил таништириб ўтди ҳамда барчани муҳокамаларда фаол иштирок этишга чақирди.

Ўз навбатида, Марказ эксперт-мутахассислари бешта устувор йўналишнинг ҳар бири бўйича давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилаётган чора-тадбирларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тақдимотлар ўтказишди.

Эътироф этилганидек, айни вақтга қадар давлат дастури лойиҳасига 2400 га яқин таклиф-мулоҳазалар келиб тушган бўлиб, уларнинг энг кўпи, яъни 800 га яқини биринчи – Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйичадир. Шунингдек, тўртинчи – ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича 700 га яқин, учинчи – иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича 400 дан ортиқ, иккинчи – Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари бўйича 300 га яқин, бешинчи – Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, вазмин, ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича 100 дан ортиқ таклифлар келиб тушган.

Юқоридагилардан ҳам кўриниб турибдики, ҳамюртларимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдирига бефарқ эмаслар. Улар давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида фаол иштирок этиб, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида яна қандай чора-тадбирлар амалга оширилиши лозимлиги хусусида фикр-мулоҳазаларини, таклиф-тавсияларини билдиришмоқда.

Онлайн-семинар якунида олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳам бу жараёнларда ўз фаолликларини янада оширишлари таъкидланди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати