Хусусан, дастурнинг 607 та яхлит ва кичик бандларда назарда тутилган топшириқлардан 233 та (33 фоиз) банд ва кичик бандлар тўлиқ бажарилган бўлиб, ҳисобот даврида 219 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган.
Ҳукумат томонидан ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи 105,8 фоизни ташкил этган.
Давлат бюджетининг жами харажатлари 162,4 трлн сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 83,3 трлн сўмни ташкил қилган. Амалга оширилган жами харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24,7 фоизга ошган.
Ҳисобот даврида 1,9 млн нафар фуқаронинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланган.
Хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича 69,3 мингдан зиёд янги савдо ва сервис объектлари ишга туширилган бўлиб, уларда 1 мингдан зиёд аҳолининг бандлиги таъминланган.
“Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш мақсадида умумий қиймати 700 млн доллардан ортиқ бўлган хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига Тошкент, Бухоро ва Хоразм вилоятларида қуввати 1 154 МВтга тенг 5 та электр станциялари ишга туширилган.
Йўл-транспорт коммуникацияларини янада ривожлантириш мақсадида 5,8 трлн маблағлар ҳисобига жами 15 минг 95 км автомобиль йўллари ҳамда 104 та кўприк таъмирланган.
Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 2 762 та объект учун 23,8 трлн сўм маблағ ажратилган бўлиб, ҳисобот даврида 466 та мактаб, 163 та мактабгача таълим, 63 та тиббиёт, 11 та спорт объекти фойдаланишга топширилган.
Бирламчи тиббий санитария ёрдами тизимида 19,5 минг кундузги шифо ўринлари ташкил қилиниши ва уларнинг иш фаолияти 20:00 гача узайтирилиши натижасида поликлиникаларга мурожаатлар сони 191 млнни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 млнга ортган.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг 182,6 минг нафари “Ёшлар дафтари”га киритилиб, 135,4 минг нафари ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватланган.
Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар томонидан Давлат дастури ижроси юзасидан йўл қўйилган айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Жумладан, Дастурнинг 286-бандида қайд қилинган вазифа, яъни тажриба тариқасида “Янги Ангрен ИЭС”да Мис эритиш заводларининг ифлослантирувчи манбаларидан намуна олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станцияларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмаган.
Дастур ижроси муҳокамасида сенаторлар аҳоли томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Муҳокамалардан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати