Муҳокама Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатасининг масъул раҳбарлари давлат дастурида белгиланган вазифалар доирасида амалга ошириладиган ишлар ва бу борадаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари юзасидан кенг жамоатчиликка ахборот тақдим этди.

Жумладан, давлат дастурининг 103-бандга мувофиқ инвестициялардан самарали фойдаланиш ҳамда экспорт ҳажмларини ошириш соҳасида «пастдан-юқорига» тамойили асосида янги тизимни йўлга қўйиш,120-бандга кўра ташқи бозор ва халқаро талабларга жавоб берадиган стандартларни жорий этиш ва машҳур брендларни жалб этиш ҳамда 175-бандга мувофиқ тўсиқсиз туризм инфратузилмасини мамлакатнинг асосий туризм шаҳарларида кенг жорий қилиш, 359-бандга мувофиқ Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи (ЕИ) институтлари билан савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик шаклларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа шу каби вазифаларнинг моҳияти юзасидан масъулларнинг фикрлари тингланди.

Муҳокама давомида ташқи қарз ҳисобидан ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳаларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, инвестициялардан самарали фойдаланиш ҳамда экспорт ҳажмларини ошириш бўйича бажариладиган ишлар, ҳудудларда халқаро талабларга жавоб берадиган стандартларни ишлаб чиқишда эътибор қаратилиши лозим бўлган тамойиллар, жаҳон брендларини жалб қилиш, «тўсиқсиз туризм» инфратузилмасини яратиш зарурати каби масалаларда батафсил ахборот берилди.

Тадбирда ҳудудларда Тараққиёт стратегияси ва давлат дастурида белгиланган вазифалар тегишли вазирлик ва идоралар, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан тўлиқ бажарилиши ва мазкур топшириқлар бажарилиши юзасидан жамоатчилик эшитувлари ва мониторинг тадбирларини мунтазам равишда танқидий ёндашган ҳолда доимий равишда ўтказиб бориш жамоатчилик назоратида бўлиши зарурлиги таъкидланди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 7 йўналиш ва 100 та мақсаддан, «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» давлат дастури жами 398 банддан иборат бўлиб, бу борада батафсил маълумот «Jamoatchilik.uz» платформасига жойлаштирилган. Платформада Тараққиёт стратегияси ҳамда дастур ижроси юзасидан фикр-мулоҳазалар қолдириш имконияти яратилган.