Тошкент шаҳрида яшовчи Н.М. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига мурожаат қилиб, жиззахлик фуқародан 43,4 миллион сўм қарзини ундириб беришда ёрдам сўради. Фуқаронинг маълум қилишича, қарздорнинг машинаси бўлишига қарамай, давлат ижрочилари қарз ундиришни пайсалга солмоқда.
Мурожаатчи аёлнинг ёзишича, 2021 йили турмуш ўртоғи вафот этган ва у ҳозир 3 нафар фарзанднинг ягона боқувчисидир. Жиззахлик фуқаро А.Б. мурожаатчининг марҳум турмуш ўртоғидан қарздор бўлган. Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти Пахтакор тумани судининг 2022 йил 12 февралдаги зарарни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюростнинг Пахтакор туман бўлимига 2022 йилнинг августида келиб тушган. Лекин шу кунга қадар қарздорлик ундирилмаган.
Мурожаатчи аризасида қайд этишича, қарздор А.Б.нинг "Cobalt" русумли автомобили Пахтакор туманида эркин ҳаракатланиб юрган бир пайтда Пахтакор тумани МИБ ходимлари суд қарорини ижро этиш учун бориб, холислар иштирокида автотранспорт воситаси йўқлиги ҳақида далолатнома тузиб, ундирувчига юбориш билан чекланган.
Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олингач, ҳолат Жиззах вилояти прокуратураси томонидан ўрганилди. Аниқланишича, ижро ҳужжати бўйича қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган, қарздор номида ундирувга қаратиш мумкин бўлган "Cobalt" русумли автотранспорт воситаси борлиги аниқланган ва унга нисбатан онлайн тақиқ қўйилган.
Ушбу автотранспорт воситасини топиш бўйича давлат ижрочиси томонидан кўрилган чоралар натижасиз бўлгани боис автомашинага нисбатан 2023 йил январь ойида қидирув эълон қилинган ва қарор ижро қилиш учун Жиззах вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБга юборилган.
Жиззах вилояти прокуратурасининг Омбудсманга маълум қилишича, мурожаатни кўриб чиқиш давомида 2023 йил 29 март куни қарздор ҳисобидан ундирувчи фойдасига 43,4 миллион сўмдан 1,7 миллион сўм ундирилиши таъминланган. Ҳозир қолган қарзни ундириш бўйича ижро ҳаракати олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, суд ҳужжати ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўйгани учун давлат ижрочисига нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.
Ушбу мурожаат Омбудсман назоратида. Омбудсман ходимлари мурожаат эгаси — 3 нафар фарзанднинг ягона боқувчиси бўлган бева аёл билан боғланганида апрель-май ойларида ҳеч қандай қарздорлик ундирилмагани маълум бўлди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Омбудсман МИБнинг Жиззах вилояти Пахтакор тумани бўлими ходимларидан қарздорликнинг қолган қисми ҳам ундирилишида сусткашликка йўл қўймасликларини сўрайди, дейилади Омбудсманнинг ахборот хизмати хабарида.