Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, рақамли иқтисодиётни шакллантириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи ана шу стратегик мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди. Давлатимиз раҳбари вилоятда амалга оширилаётган йирик инфратузилмавий, саноат, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, маданият ва спорт соҳаларидаги лойиҳалар билан танишиб, ҳудуднинг кейинги тараққиёти учун муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Айниқса, Наманган вилоятини мамлакатимизда янги иқтисодиёт, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳалари ривожланган етакчи ҳудудлардан бирига айлантириш бўйича билдирилган фикр ва ташаббуслар барчамиз учун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Биз учун энг қувонарлиси ва айни вақтда энг катта масъулият юклайдиган воқеа – давлатимиз раҳбарининг Наманган давлат техника университетига ташриф буюриб, университетимизда ташкил этилган Сунъий интеллект илмий лабораторияси фаолияти билан яқиндан танишганликлари бўлди.

Бу ташрифни университет жамоаси юксак эътироф сифатида қабул қилди. Бироқ биз бу тарихий воқеани аввало катта ишонч ва янада каттароқ масъулият сифатида баҳолаймиз. Чунки Президентимиз томонидан билдирилган ҳар бир фикр ва вазифа мамлакатимиз олий таълим тизими олдида турган янги талабларни белгилаб бермоқда.

Бугунги кунда сунъий интеллект инсоният тараққиётининг энг муҳим драйверларидан бирига айланиб улгурди. Дунёда рақобат устунлиги энди табиий ресурслар ёки ишлаб чиқариш қувватлари билан эмас, балки билим, технология ва инновациялар билан белгиланмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, мамлакатимизда сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган қарорлар узоқни кўзлаган стратегик сиёсатнинг амалий натижасидир.

Наманган давлат техника университетида ташкил этилган Сунъий интеллект илмий лабораторияси ҳам ана шу давлат сиёсатининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

Лаборатория Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 октябрдаги ПФ–189-сонли Фармони ижроси доирасида ташкил этилди. Лойиҳани амалга оширишда Хитой Халқ Республикасининг илғор тажрибаси асос қилиб олинди ҳамда “Асакабанк” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, у нафақат замонавий илмий инфратузилма, балки таълим, инновация ва технологиялар трансферини қамраб олган яхлит экотизим сифатида шакллантирилмоқда.

Бугун мазкур марказни оддий илмий лаборатория деб аташ тўлиқ мазмунини ифода этмайди. Биз уни сунъий интеллект технологиялари, рақамли иқтисодиёт, робототехника, стартаплар, технологиялар трансфери ва амалий тадқиқотларни бирлаштирувчи замонавий илмий-инновацион хаб сифатида ривожлантирмоқдамиз.

Марказ таркибида таҳлил марказлари, робототехника ва бионика лабораториялари, стартап-акселератор, сунъий интеллект бўйича махсус тайёргарлик хоналари ҳамда “ақлли аудиториялар” ташкил этилган.

Энг муҳими, лаборатория фаолияти “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” интеграция модели асосида йўлга қўйилган. Бу эса университетда яратилаётган илмий ишланмаларнинг бевосита ишлаб чиқариш корхоналарига жорий этилиши ва иқтисодий самара беришига хизмат қилади.

Марказда сунъий интеллект ва робототехника, энергетика, транспорт ва логистика, архитектура ва қурилиш, рақамли иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, сув муаммолари, озиқ-овқат хавфсизлиги, экология, ақлли шаҳар технологиялари ҳамда киберхавфсизлик каби ўндан ортиқ устувор йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Президентимиз лаборатория фаолияти билан танишар экан, мазкур тажрибани кенгайтириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини мамлакат тараққиёти учун сафарбар этиш ва илмий ишланмаларнинг амалий аҳамиятини ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Бу вазифалар университетимиз олдида аниқ стратегик мақсадларни белгилаб бермоқда.

Аввало, сунъий интеллект соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш кўламини янада кенгайтиришимиз лозим. Марказ негизида минглаб талабаларни сунъий интеллект, маълумотлар таҳлили, робототехника ва рақамли технологиялар бўйича тайёрлаш, шунингдек, давлат ташкилотлари ва иқтисодиёт тармоқлари мутахассисларини қайта тайёрлаш ишлари амалга оширилади.

Иккинчидан, халқаро илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш вазифаси турибди. Бугунги кунда университетимиз Малайзия, Германия, Туркия, Беларусь ва Хитойнинг нуфузли олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлари билан ҳамкорлик қилиб, профессор-ўқитувчиларни тайёрлаб келмоқда. Келгусида мазкур ҳамкорлик доирасида юқори рейтингли халқаро журналларда мингдан ортиқ илмий мақолалар чоп этиш, патентлар олиш ва қўшма тадқиқот лойиҳаларини кенгайтиришни режалаштирганмиз.

Учинчидан, илмий тадқиқотларнинг иқтисодиётга таъсирини кучайтириш асосий вазифаларимиздан бири бўлади. Президентимиз Наманган вилоятини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда ҳар бир илмий иш ва ҳар бир инновацион ғоя амалий натижа бериши, ҳудуд ёки тармоқ тараққиётига хизмат қилиши шартлигини қатъий таъкидлади.

Бу биздан янги ёндашувларни талаб қилади. Энди ҳар бир тадқиқот ишлаб чиқаришдаги аниқ муаммолар ечимига хизмат қилиши, ҳар бир инновация иқтисодий самара бериши лозим.

Тўртинчидан, инновацион тадбиркорлик ва стартап экотизимини ривожлантириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Лаборатория негизида ҳар йили 30 дан ортиқ стартап ва прототипларни яратиш, 2030 йилга қадар 100 дан зиёд инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз. Бу эса янги иш ўринлари яратиш, технологик тадбиркорликни ривожлантириш ва ёшларнинг инновацион фаоллигини оширишга хизмат қилади.

Президентимиз томонидан Наманган вилоятида “Ақл марказлари” фаолиятини йўлга қўйиш, иқтисодий диагностика тизимини жорий этиш ва янги иқтисодиёт драйверларини шакллантириш бўйича берилган вазифалар ҳам университетимиз учун муҳим аҳамиятга эга. Университет олимлари ва тадқиқотчилари ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб, ҳудуд ривожига хизмат қилувчи амалий илмий таклифларни ишлаб чиқишга тайёр.

Бугун Наманганда янги тараққиёт муҳити шаклланмоқда. Янги халқаро аэропорт, замонавий IT-парк, йирик инвестиция лойиҳалари, инновацион ишлаб чиқариш қувватлари, рақамли бошқарув тизимлари ва сунъий интеллект марказлари вилоят иқтисодиётининг мутлақо янги қиёфасини яратмоқда.

Биз мазкур ишончни аввало улкан масъулият сифатида қабул қиламиз. Чунки бугунги кунда университетлар олдидаги вазифа шунчаки мутахассис тайёрлаш эмас, балки мамлакат тараққиёти учун янги ғоялар, технологиялар ва инновацион ечимлар яратишдан иборат.

Наманган давлат техника университети жамоаси Президентимиз томонидан билдирилган юксак ишончни аниқ натижалар билан мустаҳкамлаш, илм-фанни иқтисодиётнинг реал сектори билан узвий боғлаш, рақобатбардош муҳандис-кадрлар тайёрлаш ва мамлакатимиз технологик тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.

Наманган давлат техника университети ана шу буюк мақсадлар йўлида Президентимиз белгилаб берган вазифаларни сидқидилдан амалга оширишга тайёр.

Ойбек Эргашев,

Наманган давлат техника университети ректори,

профессор